Боткен: Турғунлар ҳукумат қурган уйларнинг ичида иссиқ 50 даражага етганини айтиб чиқишди

Боткенда қирғиз-тожик чегарасидаги можарода жабрланганлар учун қурилган уйларнинг ички ҳарорати 50 даражадан ошмоқда. Бу ҳақда «Клооп»га Лайлак туманидаги Мақсат қишлоғининг турғуни Замирбек Адинаев билдирди.

У янги қурилган уйларнинг деворлари юпқа бўлгани учун, офтобнинг тафти кечаси ҳам тарқамай, ноқулайлик туғдираётганини таъкидлади.

«Бир ҳафтадан бери уйдаги термометр 50 дан юқори кўрсатмоқда. Биз иложсиз яшаяпмиз. Бундай уйлар бизнинг иқлимимизга мос келмайдиганга ўхшайди. Чунки ёзда жуда иссиқ, қишда совуқ», - дейди у.

Мазкур қишлоқнинг исмини ошкор қилишни истамаган яна бир турғунининг айтишича, уй ичида нафас олиш қийин. Шу боис улар маҳаллий ва юқори идораларга ариза ёзиб, аммо натижа бўлмаётганини қўшимча қилди.

«Бизда 35 минг сомга кондиционер ўрнатганлар кам. Бизда шароит йўқлиги сабабли ўрнатолмадик. Бу бўйича юқори идораларга мурожаат қилдик. Бизга губернатор, ҳокимлар келиб кўришди. Вентилятор ўрнатиб берамиз дейишган. Ўша бўйича йўқ бўлди. Айримлар «борига худога шукр қилинглар», деб жавоб олдик», - деди турғун.

Мақсат қишлоғидаги чегара можаросидан кейин қурилган уйларда «яшашнинг иложи йўқ» деган фикрини Фейсбукка «Интербилим» ташкилотининг раҳбари Гулгақи Мамасалиева ҳам ёзди. Ҳуқуқ ҳимоячисининг таъкидлашича, «бу уйлар бузилган уй-жойларни тиклашга тўғри келмайди».

«Ғамхўрлик қиламиз, Тожикистондан ҳеч нарса сўрамаймиз, зарарларни бир тийинигача тўлиқлаймиз деган Қамчибек Ташиевни шу уйга бир кунга яшатиб қўйингларчи. Президент Садир Жапаров ўзига сарой қурадими, шу уйларни яхши қилиб бермайдими!», — деди Мамасалиева постида.

Баткен расмийлари нима дейди?

Лайлак туманининг ҳокими Алмазбек Рахманкулов Мақсат қишлоғининг турғунлари тарафидан мазкур масала бўйича шикоят тушмаганини билдирди. Шунингдек, янги қурилган саксон тўрт уй 50 даража иссиқ, совуққа дош бера олишини айтди.

«Мен бу масалани яна бориб аниқлай-чи. Ростдан ҳам Мақсат қишлоғида кун қаттиқ исиб, 45 даражадан кўтарилиб кетади. Кондиционер ўрнатиш бўйича маҳаллий ҳукуматнинг бюджети кўтара олмайди. Биз иссиқнинг олдини олиш йўллар бўйича ҳомий топишимиз керак ёки юқори ҳукуматга мурожаат қилишимиз керак бўлади», — дейди ҳоким.

Қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли жанжалда жабрланган Баткеннинг Лайлай туманининг Мақсат қишлоғидаги 60 оила ўтган йилнинг августида янги уйларга кўчиб кирган.

Ўшанда давлат қурилиш агентлигидан уйлар СИП-панелдан қурилганини, бу уни тез орада қуриб, фойдаланишга йўл беришини билдирган.

«Бундай уйларнинг сифатига кафолат бор, у Боткен вилоятининг иқлим шароитига тўғри келади. Вазирлар маҳкамаси жабрланган уйларни тез орада қайта тиклаш учун 700 млн сом ажратди», — дейишган муассасадан.

Аввалроқ, 500 млн сом ижтимоий объектларни таъмирлаш ва қуришга сарфланиши айтилган: мактаб, бола боғча ва йўлларга, қолган 200 млн сом бузилган ва ёниб кетган уйларни қайта тиклашга сарфланиши айтилган.

Қуролли можаро

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги қуролли тўқнашув 28 апрель куни бошланиб, 1 майгача давом этган. Ўша куни икки давлатнинг 100-150 нафар фуқароси бир-бирига тош отган, кейин эса ўқ отиш бошланган. Бунга «Головной» сув тақсимлаш станциясида иш олиб борилиши сабаб бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, икки давлат ўртасидаги можарода 36 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлиб, 190 киши жароҳатланган. Ҳодиса содир бўлган ҳудуддан 40 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган.

1 май куни ҳукумат делегациялари ўртасидаги музокаралардан сўнг ўт очишни бир йўла тўхтатиш келишувига эришилди. 3 май куни эса томонлар қўшимча куч ва воситаларни давлат чегараси чизиғидан ўзларининг доимий манзилларига олиб чиқишни якунлашди.

Тожикистон томон ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида 6 майдагина маълумот эълон қилган. Маълумотга кўра, қуролли тўқнашув вақтида қўшни давлатнинг 19 фуқароси ҳалок бўлиб, 87 киши жароҳатланган.

Боткен вилоятида юздан ортиқ уй, учта чегара пости, иккита мактаб, битта болалар боғчаси, битта тиббиёт муассасаси, милиция биноси, ўнта ёқилғи қуйиш шохобчаси, саккизта дўкон, тўртта савдо маркази, тўртта ижтимоий объект ва яна бешта давлат муассасасининг бинолари ёқилган ва вайрон қилинган. Айрим аҳоли пунктлари бутунлай вайрон бўлган.

Қирғизистон расмийлари маълумотларига кўра, етказилган зарар миқдори 1,3 миллиард сомдан ошади.