Тожикистон маданият вазири Зулфия Давлатзода вазирлик Ч. Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» асари асосида саҳналаштирилган «Манқурт. Реквием» спектаклини «мамлакат ташқи сиёсатига мос келмайди» деб топди. Унинг сўзларига кўра, айнан шу сабаб спектакл премьераси бўлиб ўтмаган. У Душанба шаҳрининг «Пидада» театрида 20-май куни бўлиб ўтиши керак эди.
Театр маъмурияти шунингдек, спектакль нима учун намойиш этилмаганига изоҳ бермади, бироқ спектакль «юқоридан» таъқиқланганини айтишди.
«Режиссёр Чингиз Айтматов ёзган асл матндан четга чиқиб, унга ўзига хос қўшимчалар киритган, бу билан асарнинг асл мазмунини бузган. Бундай шакл ва мазмундаги кўриниш мамлакатимизнинг бугунги ички ва ташқи сиёсатига, қолаверса, тарбия ва таълим соҳасида ўсиб келаётган авлод учун ҳам тўғри келмайди. Шу сабабларга кўра вазирлик қошидаги бадиий кенгаш рухсат бермади», — деб тушунтирди Давлатзода.
Бироқ режиссёрнинг ўзи «Озоди» нашрига маълум қилишича, у Айтматов асари мазмунини ўзгартирмаган, балки вазият ва персонажларни тожик воқелигида талқин қилган.
«Биз асарни Тожикистондаги ҳақиқатга яқин қилиб, тожик аёлининг манқурт ўғли ҳақида сюжет тайёрладик. Сиёсатга тегмадик. Тожикларнинг миллий ўзлигини очиб беришга ҳаракат қилдик. Мен манқурлашишни ҳалигача халқимизнинг асосий муаммоларидан бири деб биламан. Спектакль ички ва ташқи сиёсатга тўғри келмаслигини айтишлари эса, бу руслардан қўрқишлари учундир, балки улар хафа бўлишлари мумкин», — деб ҳисоблайди у.
«Асрга татигулик кун» — қирғиз адабиёти классик намоёндаси Чингиз Айтматовнинг биринчи романи. Асар 1980 йилда нашр этилган. Асарда манқурт қиссаси асосий масала сифатида акс эттирилган.
Айтматов романига кўра, Манқурт - асирга тушиб, ўтган ҳаётини унутган, хўжайинига итоат қилиб, жонсиз қулга айланган одамдир.