Қирғизистонда 2017 йилдан 2021 йилгача йўл-транспорт ҳодисаларида 4006 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда 12 июль куни бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида ИИВ раҳбари Улан Ниязбеков маълум қилди.
Унга кўра, тўрт йил давомида 32 минг йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган, жами 49 639 киши турли тан жароҳатлари олган.
«Ҳайдовчиларнинг айби билан 28 142 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлиб, бу умумий кўрсаткичнинг 86,9 %ни ташкил этади. Аварияларда ҳалок бўлганларнинг деярли 70% меҳнатга лаёқатли ёшдаги (25-40 ёш) одамлардир. Айниқса, болалар орасида жароҳатлар сони кўп. Болалар иштирокидаги йўл транспорт ҳодисаларининг умумий сони - 7541 та (23,1%)ни ташкил этади. Пиёдалар ва йўловчилар - ҳам жабрланганлар, ҳам ҳалок бўлганларнинг катта қисмини ташкил қилади», — деди вазир.
Унга кўра, ИИВ вазиятни ўзгартириш мақсадида белгиланган тезликни ошириб ўтиш, босиб ўтиш ёки қарама-қарши чизиққа чиқиб ўтиб кетиш қоидаларини бузганлик учун, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқарадиган муайян қоидаларни бузиш ҳайдовчиларнинг жавобгарлигини дифференция қилиш ва кучайтиришга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилмоқда.
Вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати хабарига кўра, ҳукумат ИИВнинг таклифини қабул қилган. У ердан йиғилишда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва «ҳайдовчилик интизомини мустаҳкамлаш» мақсадида йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган ҳайдовчиларнинг жавобгарлигини ошириш бўйича қарор қабул қилингани маълум қилинди.
Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров мазкур қарор йўл-транспорт авариялари сонининг кескин камайишига ўз таъсирини кўрсатиши кераклигини таъкидлади.
Йўл-транспорт ҳодисалари
Қирғизистонда йил сайин йўл-транспорт ҳодисалари ортиб бормоқда. 2021 йилда мамлакатда 7437 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлиб, бу 2020 йилга нисбатан 22,9 фоизга кўпдир. Унда йўл-транспорт ҳодисаларидан 800 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.
CABAR.asia таҳлилий портали журналистларининг ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги 10 йилда аварияларда 10 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.
«Йўл-транспорт ҳодисаларининг 95 % инсон омили сабаб, яъни ҳайдовчиларнинг қоидани бузиши ёки йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги сабаб бўлади. Қолаверса, уларнинг аксарияти йўлда ҳаракатланиш маданиятига риоя қилмайди», — деган ЙҲХМҚ раҳбари Азамат Исроилов 2021 йил сентябрь ойида.
Президент Садир Жапаров 2022-йилнинг февралида ИИВга йўл-транспорт ҳалокатларининг сонини 50%га камайтириш топшириғини берган.
Бош саҳифада архив суратдан фойдаланилди.