Айни пайтда Ўш шаҳар болалар шифохонасида даволанаётган 178 нафар боланинг ярми диарея туфайли ётқизилган. 3 нафар ўсмирнинг аҳволи оғир. Бу ҳақда шифохона бош шифокори Бакай Акматов «Клооп»га маълум қилди.
Акматовнинг сўзларига кўра юқори иситма, қусиш ва ич кетиши билан , шифохонага олиб келинган болалар орасида жуда оғир аҳволда, реанимацияда ётганлари ҳам бор.
«Бир кунда 50 нафар бола касалхонага ётқизилган бўлса, уларнинг 30 нафарида диарея бор. Қанчадан-қанча болаларни соғайтириб, уйига жўнатяпмиз. Оғир аҳволдаги 3 нафар ўсмир реанимация бўлимида ётибди. Ўпка касаллиги, туғма юрак нуқсони ва бошқа сурункали касалликларга чалинганларда бу касаллик жуда оғир ўтади», — деди Акматов.
Шифокор мева-чеваларнинг пишиш даврида гигиена қоидаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаб, кўчада туриб қолган овқатларни харид қилмасликка чақирди.