Спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш ва импорт қилишга юз фоиз давлат монополияси жорий этилади

283

2022 йилнинг 1 сентябридан бошлаб мамлакатдаги этил спиртини ишлаб чиқаришга, импорт қилишга, сақлаш ва сотишга юз фоиз давлат монополияси жорий этилади. Тегишли фармонни президент Садир Жапаров 12 июлда имзолади.

Мамлакат раҳбарининг расмий сайтида, фармоннинг мақсади — этил спирти ва алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда самарали давлат изга солишни таъминлаш, контрабанда ва қалбаки маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг олдини олиш, солиқ тўловларини таъминлашдан иборат эканлиги қайд этилди.

Фармонга мувофиқ, этил спиртини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва сотиш бўйича мутлақ ҳуқуқ «Қора-Балта спирт заводи» давлат корхонасига берилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Этил спирти, алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва айланишини назорат қилиш давлат агентлиги ташкил этилади. Вазирлар маҳкамаси бир ой муддатда агентлик тўғрисидаги низомни тасдиқлаши шарт.

Бундан ташқари, Вазирлар маҳкамаси «Этил спиртини ишлаб чиқариш, импорт қилиш, сақлаш ва сотиш бўйича давлат монополияси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини Жогорку Кенешга тақдим этиши керак.

Агентликнинг вазифаси - давлат монополиясини амалга ошириш, алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, импорт қилиш, сақлаш ва муомаласи соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқишдан иборат.

Бундан ташқари, лицензиялаш, импорт квоталари, хавфсизлик ва назоратни амалга ошириш, импорт ва экспортнинг давлат ҳисобини юритиш, қонунлар ва лицензиялаш талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш, хўжалик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш ҳам мазкур агентликка юкланади.

Алкоголли маҳсулотларга монополия жорий этилишига бунгача Бош вазир Акилбек Жапаров мажбурий НКМ ташкил этилиши ҳақидаги нутқида шама қилган эди. Бу ҳақда у 5 июль куни «Дасмия» ресторанида ҳукуматнинг айрим журналист ва блогерлар иштирокидаги норасмий йиғилишида айтиб ўтди.

«Агар алкоголь сотувчи магнатлар ўзларига келишмаса, алкоголли маҳсулотларга монополия киритамиз. Мен бундан қўрқмайман», — деди бош вазир.

Муаллиф: Бегайим Талантбекова

Асосий саҳифа учун иллюстратив сурат ишлатилган.