Тажовузга учраган қизга ёрдам. Уч кунда ярим миллион сомдан ортиқ маблағ тўпланди

292

Зўрланган 13 ёшли қизни қўллаб-қувватлаш учун эълон қилган уч кун ичида ярим миллион сомдан ортиқ маблағ тўпланди. Бу ҳақда акция ташаббускори журналист Эркин Рискулбеков билдирди.

Рискулбековнинг сўзларига кўра, ўсмирга АҚШда истиқомат қилган қирғизистонликлар ҳам маблағ тўпламоқда.

«Уч кун ичида синглимизга 682 минг 876 сом тўпланди. Унинг ичидан 50 минг сом қизнинг отасига берилди. Қолган маблағни қизнинг ҳисобига ўтказамиз. Бундан ташқари, АҚШдаги ватандошларимиз ҳам пул тўплаяпти», — деди у.

Шунингдек, жабрланган ўсмирни хусусий мактабларнинг бирида ўқитиш бўйича сўзлашувлар олиб борилаётганини қўшимча қилди.

Журналист Эркин Рискулбеков 8 июлда Фейсбук орқали жамоатчиликка мурожаат қилиб, ўсмир қизни қўллаб-қувватлаш мақсадида «ёрдам акцияси» бошланганини эълон қилган.

Мактаб ўқувчисининг милиция ходимлари томонидан бир йилга яқин зўрлаб юргани ҳақидаги хабар кескин танқидга учраган. 8 июль куни Ўш ва Бишкек шаҳарларида ўсмирларга нисбатан зўравонликни тўхтатишни талаб қилган митинглар ўтди.

Таниқли қўшиқчи Мирбек Атабеков 10 июль куни Инстаграм саҳифаси орқали видео мурожаат қилиб, ҳукуматдан 13 ёшдаги қизни зўрлаганларни жазолашни талаб қилди. Бундан ташқари, у халқни ўсмирга ёрдам беришга ҳисса қўшишга тарғиб қилди.

13 ёшдаги қизни зўрлаш иши

Балоғатга етмаган қизнинг зўрлангани июлда маълум бўлган. Бу иш бўйича Бишкекда суд текширувлари бошланди.

Жиноятга икки милиция ходими ва «Дордой» бозорининг қоравули айбланмоқда. Мактаб ўқувчисини зўрлашда айбланган официантга нисбатан тергов эса ниҳоясига етиб, ишнинг материаллари судга жўнатилди. Аммо жабрланган ўсмир қизнинг яқинлари милиция ходимлари жавобгарликдан қутилиб кетиши эҳтимолидан хавотирланмоқда.

Қизни отасининг айтишича, қизига нисбатан зўрлик 2021-йилнинг августидан 2022-йилнинг февралигача чўзилган.

5 июлда ўсмир қизнинг зўрлангани бўйича маълумотлар тарқаган бир вақтда ИИВнинг биноси олдида қизлар ва аёлларга нисбатан зўравонликка қарши митинг бўлиб ўтган. Акция иштирокчилари аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни, жумладан, Ички ишлар вазирлиги раҳбари Улан Ниязбековнинг истеъфога чиқишини талаб қилишган.

Депутат Дастан Бекешев эса ички ишлар вазири «шу каби ваҳшийча воқеалардан хулоса чиқармай, ишини доимгидек давом эттираётганини» билдирган. Вазирликдан эса депутатга идора кўраётган чораларга қарамай мамлакатда аёлларга нисбатан зўравонлик фактлари кўп эканини айтиб жавоб беришган.

Ўша куни фуқаролик фаоллари ва аёллар ташкилотларининг вакиллари президент Садир Жапаровга мурожаат қилишган. Улар президентдан аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ортиб бораётганига эътибор қаратишни сўраганлар.

Президент Садир Жапаровнинг администрацияси эса мурожаатга жавоб қайтариб, «бундай фожиали воқеалар бу борадаги ишларни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда», деб жавоб беришган. Аммо президент админстрациясининг жавоби фаолларни қониқтирмаган ва улар Жапаровнинг ўзи билан учрашишни илтимос қилишган.

Вояга етмаган қизнинг зўрлангани бўйича собиқ муфтий ўринбосари Қадир Маликов баёнот берган. Унинг фикрича, 13 ёшли қизнинг зўрланиши жамиятимизнинг ва тузумнинг деградацияси жуда чуқур эканини кўрсатиб турибди.

Ўсмир қизнинг зўрланиши бўйича кейинги суд йиғини 12-июлда Бишкекнинг Свердлов туман судида ўтади.