Мирбек Атабеков ҳукуматдан 13 ёшли қизни зўрлаганларни жавобга тортишни талаб қилди

272

Қўшиқчи Мирбек Атабеков ҳукуматдан 13 ёшдаги қизни зўрлаганларни жазолашни талаб қилди. Бу ҳақда хонанда Инстаграм саҳифаси орқали видео мурожаат қилди.

«Охирги вақтларда барча ижтимоий тармоқларда зўрлик-зўравонлик қурбони бўлган 13 ёшдаги бизнинг ватандошимиз, синглимиз ҳақида кўп шов-шувлар пайдо бўлмоқда. Албатта жиноятчилар тўлиқ жазосини олиб, жавобгарликка тортилишини биз ҳукуматдан, идоралардан талаб қиламиз», — деди у.

Атабеков бу каби воқеларга кўз юмиб бўлмайди деб ҳисоблайди.

«Шундай нарсалар бўлаётганда албатта биз ҳам бирлашиб, бу каби воқеаларга йўл қўймаслигимиз керак. Қанчалик кўп эслатиб, қанчалик резонанс бўлиб, қанчалик ҳукумат томонидан қатъий қадамлар бўлса, ҳеч қачон бундай нарсалар қайталанмайди деган тўлиқ ишонч бор. Чунки бундай нарсалар айтилмаса, эслатилмаса зўрлик-зўравонлик қилган педофиллар ўз ишини қилиб юраверади. Бундай нарсага йўл бермайлик. Шундай паразитларни йўотишимиз керак», — деб таъкидлади у.

Атабеков қирғизистонликларни жабрланган қизнинг оиласига ёрдам беришга ҳам чақирди.

«Ҳозирги вақтда синглимиз, синглимизнинг оиласи ўта оғир аҳволда. Ўзинглар биласизлар, отаси мигрант бўлиб Россияда ишлар экан. Онаси эса ҳаста экан. Албатта моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш керак, дори-дармон, керак бўлса озиқ-овқат етмаяпти. Ҳаммани чақираман, баримиз бир бўлиб, ўз хиссамизни қўшиб, ёрдам берайлик», — деб Атабеков қирғизистонликларга мурожаат қилди.

13 ёшдаги қизни зўрлаш иши

Балоғатга етмаган қизнинг зўрлангани июлда маълум бўлган. Бу иш бўйича Бишкекда суд текширувлари бошланди.

Жиноятга икки милиция ходими ва «Дордой» бозорининг қоравули айбланмоқда. Мактаб ўқувчисини зўрлашда айбланган официантга нисбатан тергов эса ниҳоясига етиб, ишнинг материаллари судга жўнатилди. Аммо жабрланган ўсмир қизнинг яқинлари милиция ходимлари жавобгарликдан қутилиб кетиши эҳтимолидан хавотирланмоқда.

Қизни отасининг айтишича, қизига нисбатан зўрлик 2021-йилнинг августидан 2022-йилнинг февралигача чўзилган.

5 июлда ўсмир қизнинг зўрлангани бўйича маълумотлар тарқаган бир вақтда ИИВнинг биноси олдида қизлар ва аёлларга нисбатан зўравонликка қарши митинг бўлиб ўтган. Акция иштирокчилари аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни, жумладан, Ички ишлар вазирлиги раҳбари Улан Ниязбековнинг истеъфога чиқишини талаб қилишган.

Депутат Дастан Бекешев эса ички ишлар вазири «шу каби ваҳшийча воқеалардан хулоса чиқармай, ишини доимгидек давом эттираётганини» билдирган. Вазирликдан эса депутатга идора кўраётган чораларга қарамай мамлакатда аёлларга нисбатан зўравонлик фактлари кўп эканини айтиб жавоб беришган.

Ўша куни фуқаролик фаоллари ва аёллар ташкилотларининг вакиллари президент Садир Жапаровга мурожаат қилишган. Улар президентдан аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ортиб бораётганига эътибор қаратишни сўраганлар.

Президент Садир Жапаровнинг администрацияси эса мурожаатга жавоб қайтариб, «бундай фожиали воқеалар бу борадаги ишларни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда», деб жавоб беришган. Аммо президент админстрациясининг жавоби фаолларни қониқтирмаган ва улар Жапаровнинг ўзи билан учрашишни илтимос қилишган.

Вояга етмаган қизнинг зўрлангани бўйича собиқ муфтий ўринбосари Қадир Маликов баёнот берган. Унинг фикрича, 13 ёшли қизнинг зўрланиши жамиятимизнинг ва тузумнинг деградацияси жуда чуқур эканини кўрсатиб турибди.

Ўсмир қизнинг зўрланиши бўйича кейинги суд йиғини 12-июлда Бишкекнинг Свердлов туман судида ўтади.