БМТ Марказий Осиё билан Жанубий Осиёда бола ёшида турмуш қурганлар кўп эканини айтди

280

Марказий ва Жанубий Осиёда болалик даврида турмуш қурганларнинг фоизи ўта юқори. Бу ҳақда Бирлашган миллатлар ташкилотидан билдиришди.

«20дан 24 ёшгача аёлларнинг 16% 15 ёшида, 20-24 ёшгача бўлган аёлларнинг 43% эса 18 ёшида турмушга чиққан», — деб билдиришди БМТдан.

Ташкилотдан эрта турмушга чиқиш қулликнинг синоними эканини таъкидлашди.

«Ҳеч бир қиз турмушга чиқишга мажбурланмаслиги керак. Қийнаб эрга берилган қизлар билим олиш, соғлиғини мустаҳкамлаш ҳуқуқларидан ажраб, жисмоний ва руҳий жиҳатдан зўравонликка учраб, хизматкор, жинсий қулга айланишади», — деб таъкидланди БМТдан.

Қирғизистонда вояга етмаган қизларни мажбуран турмушга бериш мақсадида ўғирлаш ҳолатлари кўп учрайди. Қизлар зўравонликнинг бошқа шаклларига ҳам, айниқса жинсий зўравонликка кўп дучор бўлишади.

Охирги ойда 13 ёшли қизнинг зўрлангани маълум бўлган. Мазкур иш бўйича ҳозирда икки нафар милиция ходими ва «Дордой» бозорида ишлаган қоравул  гумонланмоқда. Қизни зўрлаганликда гумон қилинаётган официантнинг тергови ҳам якунланиб қолган. Иш материаллари судга топширилган.

Қизни отасининг айтишича, қизига нисбатан зўравонлик 2021-йилнинг августидан 2022-йилнинг февралигача давом этган.

5 июлда ўсмир қизнинг зўрлангани бўйича маълумотлар тарқаган бир вақтда ИИВнинг биноси олдида қизлар ва аёлларга нисбатан зўравонликка қарши митинг бўлиб ўтган. Акция иштирокчилари аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни, жумладан, Ички ишлар вазирлиги раҳбари Улан Ниязбековнинг истеъфога чиқишини талаб қилишган.

Шу куни фуқаролик фаоллари ва аёллар ташкилотларининг вакиллари президент Садир Жапаровга мурожаат қилишган. Улар президентдан аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ортиб бораётганига эътибор қаратишни сўраганлар.

Президент Садир Жапаровнинг администрацияси эса мурожаатга жавоб қайтариб, «бундай фожиали воқеалар бу борадаги ишларни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда», деб жавоб беришган. Аммо президент админстрациясининг жавоби фаолларни қониқтирмаган ва улар Жапаров билан учрашишни илтимос қилишган.

Вояга етмаган қизнинг зўрлангани бўйича собиқ муфтий ўринбосари Қадир Маликов баёнот берган. Унинг фикрича, 13 ёшли қизнинг зўрланиши жамиятимизнинг ва тузумнинг деградацияси жуда чуқур эканини кўрсатиб турибди.

Ўсмир қизнинг зўрланиши бўйича кейинги суд йиғини 12-июлда Бишкекнинг Свердлов туман судида ўтади.