Иссиқкўл: Жети-Ўғузда кучли шамол мактаб томини учириб кетди

320

Иссиқкўл вилоятининг Жети-Ўғуз туманига қарашли Жети-Ўғуз қишлоғида кучли шамол ўрта мактаб томини учириб кетди. Ҳодисадан одамлар жабрланмаган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати билдирди.

Сурат: ФВВ матбуот хизмати.

Маҳкаманинг маълумотига кўра, 5 июль куни соат 17:00лар атрофида бошланган шамолдан Данаке Иманов номидаги ўрта мактабнинг тахминан 1036 квадрат метрли шифер томи яроқсиз ҳолатга келган.

Маҳкама матбуот хизматидан ҳозирда туман фуқаролик ҳимоя хизматидан комиссия тузилиб, харажатлар ҳисоблаб чиққанини таъкидлашди. Томни таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Жорий йилнинг июнь ойи бошида Норин шаҳрида кучли шамол Норин давлат университети билан турар-уйларнинг томини учириб, икки электр симёғочни қулатган.