Тўқмоқ шаҳрида қотилликда гумонланган Сухраб Жумакулов Чуй туман суди қарори билан СИЗО-1га икки ойга қамоққа олинди. Бу маълумотни «Клооп»га Чуй вилоят ИИБнинг матбуот хизмати тасдиқлади.
Жумакуловнинг адвокати Эркин Ирискулбеков «Азатык»ка берган интервьюсида суд қарорини ноқонуний дея таъкидлади.
«Биринчидан, эҳтиёт чорасини аниқлашнинг 48 соатлик процессуал муддати ўтиб кетган. Бу ерда «Жазо-процессуал кодекс»нинг меъёрлари қўпол тарзда бузилган. Иккинчидан, суд енгилроқ эҳтиёт чорасини аниқласа бўлар эди. Чунки Сухраб Жумакулов аввал ҳеч қачон жавобгарликка тортилмаган, судланмаган, яхши ахлоқий фазилатларга эга йигит. Унинг доимий яшаш жойи аниқланган. Қочиб кетади ёки терговга тўсқинлик қилади деган исботлар келтирилмаган», — деди у.
Ирискулбеков туман суди қарорига кўра юқори инстанцияга апелляция аризасини беришини қўшимча қилди.
Бунгача Бош прокуратура билан Ҳақиқатчи институти «синглисини ҳимоя қиламан» деб қотилликда гумонланган фуқаронинг ишини шахсан назоратига олган.
Прокуратура матбуот хизмати жиноят ишини текшираётганини таъкидлаб, гумондорга психолог-психиатрия экспертиза тайинланганини билдирган.
Ҳақиқатчи Атир Абрахматова Фейсбук саҳифасига ўқ отган шахс аффект ҳолатида бўлиши мумкин эканини ёзган. У қўлга олинган гумондорнинг синглисидан ариза олинишини қўшимча қилган.
«ИИВдан тез орада тегишли экспертиза тайинлашни илтимос қилдик. Бу ишда жуда муҳим, аммо кўп вақтда ҳисобга олинмайди. Воқеа бўйича ишимизни давом эттирамиз», — деган у.
Аслида нима бўлган?
Чуй вилоят ички ишлар бошқармаси 1 июлда Тўқмоқ шаҳрига яқин жойда 36 ёшдаги Сухраб Жаманкулов исмли шахс «синглисини ҳимоя қилиб», 47 ёшдаги шахсни газ-травматик тўппонча билан отиб қўйгани маълум қилинган. Шахс тез ёрдам машинасида вафот этган.
Милиция версияси бўйича, эрталаб 33 ёшдаги аёл Тўқмоқ шаҳридан машинага ўтирган. Ҳайдовчи унга шилқимлик қилмоқчи бўлганда, аёл акасига телефон қилиб, бошқа машинага ўтириб кетган. Аммо ҳайдовчининг ортидан бориб, куч қўллаб, сочидан тортиб, уни ташқарига чиқаришга ҳаракат қилган. Шу вақтда аёлнинг акаси бориб қолиб, ўқ отган.
Ўша куни хўрланган аёл Инстаграм саҳифасига баёнот билдириб, воқеа тафсилотларини йиғлаб айтиб берган. У жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлашига муҳтож эканини айтган. Бу факт «Қотиллик» моддаси билан қайд этилган.