Президент Садир Жапаров Қирғизистон ташқи қарзни ўз вақтида тўлайди деб билдирди.
Бунгача вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров агар Қирғизистон Хитойдан бўлган қарзидан қутила олмаса, мамлакатнинг стратегик уч объектини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлишини билдирган. Унинг таъкидлашича, бу Бишкек ИЭМ, «Шимол — Жануб» муқобил йўли ҳамда «Датка-Кемин» электр ўтказиш линиялари.
Президентнинг сўзларига кўра, фуқаролар бу борада ташвишланмасликлари керак, чунки бунга мамлакат қодир.
«Энг асосийси [мамлакатда] тинчлик бўлса, ҳамма қарзларимиздан ўз вақтида қутиламиз. Ақилбек Жапаров депутатларга фақат ташқи қарз бўйича эслатмоқда. Чунки баъзи популист депутатлар иқтисодимизнинг ўсишига алоқаси бор қонунларни атайлаб қўллаб-қувватламай, қарши чиқишяпти», — деб таъкидлади президент.
Шунингдек давлат раҳбари ташқи қарз 1,2 млн долларга ўсди деган маълумотни «ёлғон» деб, қирғизистонликларни фақат Молия вазирлигининг маълумотларига таянишга чақирди.
«Аввал тузилиб қолган шартномалар асосида ярми кредит, ярми грант қатори олинган миқдорлар мавжуд. Аммо қарз миқдори 2021 йили 100 миллион долларга етмаган. Қандай бўлса ҳам ташқи қарзларимизни ҳар йили ўз вақтида тўлиқ ёпиб, қутиламиз. Бунга давлатимизнинг имконияти етади. Ҳеч ҳам ташвишланманглар. Даромад манбаларимиз пайдо бўла бошлади. Олдинда яна пайдо бўлади», — дея таъкидлади давлат раҳбари.
Жапаров шунингдек маблағ ўз-ўзини оқлашини, даромад берадиган, фойдаси икки-уч ҳисса олиб келадиган тармоқларга сарфланишини таъкидлади.
Шу билан бирга, 30 июнда, Жогорку Кенешнинг сўнги йиғилишида, депутатлар ёзги таътилга кетиши олдидан, Жапаров мамлакат ташқи қарзи тўғрисида айтган. Унда у, давлат яқин ўн йилда мамлакат қарзни тўлай олмаса, Қирғизистон мустақиллигига хавф туғилади деган.
«Айниқса ташқи қарзни тўлаш вақти билан менинг давримга тўғри келди. Жорий йилда 23 миллиард сом ташқи қарзни ёпиш учун беришимиз лозим. Келаси йилда 25 миллиард сомлик қарзни ёпамиз. Шундай қилиб, олдиндаги 10 йил давомида 30 йилдан буён олган ташқи қарзларни тўлаймиз. Тўлай олмасак, мустақиллигимизни йўқотамиз», — деган ўшанда у.
Молия вазирлигининг маълумотига кўра, 2022 йилнинг 28 февралига нисбатан мамлакатнинг давлат қарзи 5 млрд 119,15 млн долларни ташкил қилади. Мазкур миқдорнинг 817,31 млн долларини ички қарз, 4 млрд 301,84 млн доллари эса ташқи қарзни ташкил қилади.