Ўш мэри «Манас-Ата» кафесидаги жанжалдан миллат масаласини қўзғамасликни чақирди

286
Алмаз Мамбетов

Ўш шаҳар мэри Алмаз Мамбетов шаҳардаги «Манас-Ата» кафесидаги жанжалга боғлиқ мурожаат йўллади. Унда у бутун миллат масаласини қўзғамасликка ва давлат тилига эҳтиёткорона муомалада бўлишга чақирди.

«Ўш шаҳри кўп миллатларни бағрига олган, турли миллатлар ёнма-ён яшаётган қутлуғ маскан. Шаҳримизда барча миллат вакиллари аҳил-иноқ яшайди. Шу боис, мазкур кафенинг собиқ маъмурининг баъзи гапларига бутун миллат муаммосини кўтариб, кўнгил оғритувчи сўзларни ёзишдан эҳтиёт бўлишингизни сўрайман!» — деди шаҳар бошлиғи.

У «давлат тилимиз — қирғиз тили эканини унутмаслигимиз лозим» деб таъкидлаб, «мамлакатнинг барча фуқаросини давлат тилини ўрганишга чақираман» деди.

Бундан ташқари у «Манас-Ата» ва шаҳардаги бошқа овқатланувчи жойларнинг санитар ҳолати махсус комиссия томонидан ҳар томонлама текширилади деб ваъда берди.

Шунингдек мэр мазкур «Манас-Ата» кафеси «берухсат қурилган деган маълумот текширилаётганини» айтиб, агар ноқонуний ишлаётгани аниқланса, чора кўрилади» деб ишонтирди.

«Аҳоли саломатлигини таъминлаш ҳар куни юзлаб, минглаб мижозларга хизмат қилган жамоат овқатланувчи жойларни текширишда бармоқ босди, кўз қисди муносабатда бўлмаслиги кераклигини қаттиқ огоҳлантирдим. Рейд натижаси бўйича бизнинг расмий ижтимоий саҳифаларимиздан аҳолига маълумот тарқатилади», — деди у.

«Манас-Ата» кафесидаги жанжал

Бунгача «Не сахар» дастури «Манас-Ата» кафесини текширувга олган. Бироқ эфир жараёнида кафенинг маъмурияти журналист Умар Дадановга тўсқинлик қилади.

Журналист текшира бошлаганда кафенинг ошхонасидан санитар ҳолати талабга жавоб бермагани аниқ бўлган. Кейинроқ Дадановни ходимлардан бири силтаб олиб чиқиб, қайтиб киритмай қўйган.

Маъмур Машрапхон Кушакбаева ходимлар билан бирга кафенинг эшигини тўсиб туриб олиб, журналистга қўпол муомала қилган. Натижада Даданов милиция ходимларини чақирган, бироқ ҳудудий милиция ходими ҳам, патруль милиция ва тезкор тергов хизмати ҳам ҳеч қандай чора кўрмаган.

Кафенинг ичига киритмай қўйганидан кейин Кушакпаева журналистдан кечирим сўрашни талаб қилган. Унга қўшилиб милиция ходимларидан бири ҳам бир неча марта «кечирим сўраб қўй» деб илтимос қилган. Лекин журналист нима учун кечирим сўрашим керак деб норози бўлган.

Натижада интернет фойдаланувчилари милиция ходимлари ўз ишини билмайди деб танқид қилишган.

Кейинроқ «Манас-Ата»нинг эгаси Бахтиёр Гуламов ва маъмури Машрапхон Кушакбаева милицияга чақиртирилган. Унда Гуламов Кушакпаева ишдан кетганини айтиб, унинг учун жамоатчиликдан кечирим сўраган.

Аёлнинг журналист билан бўлган жанжалида айтган сўзларига лингвистик экспертиза тайинланиб, текширув олиб борилмоқда.