Ақилбек Жапаров: Қарздан қутилмасак стратегик объектлар Хитойга ўтиб кетади

228

Вазирлар маҳкамасининг раиси Ақилбек Жапаров агар Қирғизистон Хитойдан бўлган қарзидан қутилмаса, мамлакатнинг стратегик уч объекти бошқарув ҳуқуқидан маҳрум бўлишини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу Бишкек ИЭМ, «Шимол — Жануб» муқобил йўли ва «Датка-Кемин» электр ўтказиш линиялари. Бу ҳақда Жапаров парламентнинг 29 июндаги йиғилишида айтди. Мажлисда депутатлар ҳукуматнинг 2022 йилнинг биринчи ярмида бажарган ишлари бўйича ҳисоботини тинглашди.

Жапаровнинг таъкидлашича, 2023-2028 йиллар ичида Қирғизистон 400-460 млн доллар ташқи қарзни тўлаши лозим.

«Ташқи қарзнинг 50%ини Хитойнинг «Эксим банкига» тўлаймиз. Мен ҳеч кимни қўрқитмайман, аммо қарзни тўлай олмасак, Хитойнинг Экспорт-импорт банки бошқарувчи компанияни киритиб, унга стратегик объектларимиз ўтади. Биз шундай бўйнимизга илинган арқондан қутилишимиз керак. Аллоҳ сақласин деб ўтиравермасдан, ҳаммамиз бир байроқ остида бирлашиб, бир йўналишда ишлашимиз шарт! Мустақиллигимизни сақлаб қолайлик! Мен иқтисодий нуқтаи назардан олиб қараганда биз бунга бардош бера олишимизга ишонаман», — деди Ақилбек Жапаров.

У бунгача Шри-Ланка ва Покистонда объектларни бошқарув ҳуқуқи Хитой компанияларига ўтган ҳолатлар борлигини қўшимча қилди.

Бишкек ИЭМ, «Шимол —Жануб» муқобил йўли ва «Датка-Кемин» электр ўтказиш линиялари Хитойга ўтиб кетиши мумкинлигини Қирғизистон ҳукумати биринчи марта айтмаяпти. Бунгача бу ҳақда президент Садир Жапаров ҳам айтган.

«Масалан, ИЭМ, «Шимол—Жануб» йўли, «Датка-Кемин» […] Шуларга олганмиз [насияларни] буни ҳаммасини. Агар, ўз вақтида тўлай олмасак, унда бошқарув ўша томонга [Хитой томонга] ўтиб кетади деб имзоланган экан. Улар етмаса, унда бошқасини ҳам олишга ҳақлари бор. Лекин биз вақти билан тўлаяпмиз», — деган президент.

Молия вазирлиги маълумотига кўра, 2022 йилнинг 28 февралига нисбатан Қирғизистоннинг давлат қарзи 5 млрд 119,15 млн. Долларни ташкил қилади. Унинг ичида ички қарз 817,31 млн. доллар бўлса, ташқи қарз 4 млрд. 301,84 млн. долларга етган.

Қирғизистоннинг Хитойдан қарз олиб тайёрланган лойиҳалари

«Датка-Кемин» электр линияларининг қурилиши 2015 йили якунланган. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Қирғизистон Хитойнинг «Эксимбанк» банкидан йилига икки фоизлик устама билан 20 йиллик муддатга 390 млн доллар қарз олган. Қирғизистон билан «Эксимбанк» бу кредит шартномани 2012 йили имзолаган.

Қирғизистон пойтахтнинг ИЭМини янгилаш учун ҳам қарз олган. Унда Хитой Қирғизистонга 386 млн доллар ажратган.

Шартномага кўра, натижада Қирғизистон устама фоизини қўшиб ҳисоблаганда умумий 500 млн доллар қарзни тўлаб бериши керак. Модернизацияни хитойлик TBEA компанияси амалга оширган. Лойиҳа учун субпудратчиларни ёллаш ва жиҳозларни сотиб олиш ишларини ҳам TBEA ўз бўйнига олган.

Бишкек ИЭМни янгилаш тўғрисидаги шартнома 2013 йили тузилган. Лойиҳанинг ўзи эса 2017 йили якунланган. Натижада лойиҳа якунланганидан кейин бир йилга етмасдан Бишкек ИЭМида портлаш бўлган. Ҳалокатдан кейин шартномага алоқаси бўлган бир қатор расмийлар суд жавобгарлигига тортилган. Уларнинг орасида Алмазбек Атамбаев президент бўлган вақтда премьер-министрлик лавозимида бўлган Сапар Исаков ҳам бор.

Хитой Қирғизистонга яна бир катта қарзни Бишкек — Ўш йўналишидаги муқобил «Шимол-Жануб» йўлининг қурилиши учун берган. 2013 йили Жогорку Кенеш бу йўл қурилиши бўйича қарз шартномасини маъқуллаган.

Қурилиш ишлари 2014 йили бошланган, қурилиш лойиҳасини уч фазага бўлиш қарори чиқарилган:

  • биринчи фаза (154 км) — Қизил қишлоғидан Жилдиз-Оролгача, Казарман қишлоғидан Жалолобод шаҳригача;
  • иккинчи фаза — узунлиги 96 километрни ташкил қилган Орол — Казарман участкаси, унинг ичида 700 метрлик туннель ҳам киради;
  • учинчи фаза — Балиқчи — Қизил-Жилдиз йўлининг қисми.

Қирғизистондаги қурилишнинг умумий баҳоси 850 млн долларни ташкил қилган, деярли 400 млн доллар насия тарзида олинган.

Хитойдан ташқари, бу йўлни қуришга Осиё ва Ислом Тараққиёт Банклари ҳам қарз берган. China Road & Bridge Corporation йўл қуриш ишхонаси мазкур лойиҳанинг асосий ижарачиси ҳисобланади.