Ўш шаҳри аҳолиси шаҳардаги «Манас-Ата» кафесининг санитар аҳволидан норози бўлиб, «Не сахар» кўрсатувида намойиш қилишларини сўрашган. Натижада журналистлар мазкур жамоат овқатланувчи жойни текширувга олган.
Лавҳанинг дастлабки дақиқаларида мазкур кафеда ишлайман деган шахс журналистга «кириш мумкин эмас, ҳаққингиз йўқ» деб қаршилик кўрсатганини кўриш мумкин.
Аммо журналист Умар Даданов журналистнинг касбий фаолиятини химоя қилиш тўғрисидаги қонунни айтиб, кафенинг ичини ва ошхонани лавҳага ола бошлаган.
Дастлаб идиш юқиш хонасига кирганда, бир неча халтадаги чиқиндиларни чиқармай ошхонага тизиб қўйганини кўрган. Лавҳада идиш ювадиган жомашовнинг остидаги қувурлар занг босиб, пол кир ҳолатдалиги кузатилган.
Журналист санитар меъёр деган нима биласизми деб кафе ходимларига савол берганда, у билмаслигини айтган.
Шундан кейин ошхонага кирганда қопдаги ва халтадаги сабзавотлар ерда ётган. Мухбир қоида бўйича сабзавотлар махсус қутига солиниб, ердан 10 см баландда туриши кераклигини огоҳлантирган.
Шу вақтда ўзини мазкур кафенинг маъмуриман деб таништирган йигит журналистни ташқарига чиқиб гаплашишга чақирган. Аммо мухбир бунга кўнмаганда, «камерани синдириб юбораман» деб таҳдид қилган.
Ташқарига чиққанида журналист худудий милиция ходимларини чақирган. Лекин кафенинг олдида юрган милиция ходимлари журналистни кафенинг ичига кирита олишмаган.
Шундан сўнг «Манас-Ата» маъмури экани айтилган аёл «ким келса очиб кўрсатаверамизми, биз эшикни очмаймиз» деб қаршилик кўрсатиб, қолган ходимлар эшикни ёпиб туриб олишган.
Мухбир ҳудудий милиция ходимлари кирита олмаганидан кейин назорат хизматини чақирган. Аммо улардан ҳам фойда чиқмаганидан, тезкор милиция гуруҳига мурожаат қилган.
Воқеа жойига тезкор милиция гуруҳи келиб, лекин улар масалани эшитганидан кейин ҳеч қандай тушунтириш бермасдан кетиб қолишган. Кейин икки ҳудудий милиция ходимлари қолган.
Шундан сўнг кафенинг маъмури журналистга мурожаат қилиб кечирим сўрашни талаб қилган. Милиция ходимларидан бири мухбирга бир неча марта, «кечирим сўраб қўй» деб илтимос қилган. Лекин журналист нима учун узр сўрашим керак деб норозилик билдирган.
«Не сахар» лойиҳасининг дастури Ютубга чиққандан кейин видеонинг остига 15 мингдан ортиқ изоҳ ёзилган. Интернет фойдаланувчилари милиционерларни ўз ишини билмайди деб танқид қилишмоқда.
Бундан ташқари улар журналистнинг ҳуқуқини ҳимоя қилмаган ҳуқуқ тартибот органларининг ходимларига чора кўришни талаб қилишди.
Маҳаллий ҳукумат нима дейди?
Ижтимоий тармоқларда милицияга нисбатан норозилик авж олган вақтда Ўш шаҳар ИИБнинг матбуот хизмати Фейсбук саҳифасида пресс-релиз тарқатди. Унда «Манас-Ата» кафесининг раҳбарига ва маъмурига тушунтириш ишлари олиб борилганини маълум қилишди.
Шунингдек воқеа маълумотларнинг электрон журналига қайд қилиниб, ҳар томонлама текширувлар олиб борилаётганини таъкидлашди.
Шундан сўнг Ўш мериясининг матбуот хизмати ҳам баёнот тарқатди. Шаҳар ҳукуматидан мер Алмаз Мамбетов тегишли хизматларга, унинг ичида ҳуқуқ-тартибот органларига, санитар эпидемиология хизматига топшириқлар берилганини хабар қилишди.
«Бу хизматлар қонун доирасида барча тегишли чоралар кўришади», — деб ишонтиришди мэриядан.
Шунингдек 1 июлдан бошлаб санитар эпидемология хизмати режа қилинган текширувни бошлайди деб қўшимча қилишди.
Маҳаллий ҳукумат текширув олиб борилаётганини айтгани билан «Манас-Ата» кафеси фаолиятини давом эттирмоқда. Журналистлар лавҳага олиб улгурган видеодан овқатланиш жойининг ошхонасида санитар талаблар сақланмаганини кўриш мумкин.