Жалолободда мактаб битирувчилари бораётган машина жардан қулаб тушди

282

Жалолобод вилоятида мактаб битирувчилари бораётган машина жардан қулади. Маълумотни «Клооп»га Йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш бош бошқармасидан тасдиқлашди.

Воқеа 18-июнь куни, соат тахминан 20:00 да Кербен — Уч-Қўрғон автойўлининг Жийде-Бел участкасида бўлган. ЙҲХНББнинг маълумотига кўра, жарнинг баландлиги 8 метр.

«Жийде-Бел ҳудудида 8 метр баландликдаги жардан қулаб тушган. Авария оқибатида жабрланган битирувчи синфнинг беш ўқувчиси касалхонага етказилган», — деб айтилади маълумотда.

«Турмуш» нашри воқеа бўлган куни ўспиримлар ота-оналарнинг рухсатини олмай, автомобилни ҳайдаб чиққанини, ичида 2005-йили туғилган уч, 2004-йили туғилган икки ўспирим бўлганини таъкидлашди.

Жароҳат олган ўспиримлар касалхонага етказилган. Шамалсой ҳудудий касалхонасининг шифокори Усон Алишовнинг айтишича, ўқувчи қизларнинг бирига операция қилинади, уинг оёғи синган. Қолган болалар эса аҳволига кўра уйларига чиқарилади.