Чуй ВИИБи: Ўғриликда гумонланган кишини ўзбилармонлик билан жазолаган турғунлар ишига баҳо берилади

279

Ижтимоий тармоқларда ўғриликда гумонланган 57 ёшдаги кишини яланғоч қилиб, устунга скотч билан боғлаб қўйган видео тарқади. Воқеа 20-июнда Бишкекнинг  Ак-ордо участкасида бўлгани аниқланди.

Лавҳада скотчланган шахс Ўш вилоятининг Чон-Олай тумани турғуни эканлигини айтган. Аҳоли эса уни уриб-сўкиб, хақорат қилаётганини кўриш мумкин.

Аҳоли гумондорни кўкрак қисмига «ўғри» деб ёзиб, санаси ёзилган қоғозни бирга ёпиштириб қўйишган.

«Мана Ак-Ордо жамоаси, бизга алоҳида Олайдан ўғрилар келиб қолибди.  Қўлингни синдириб ташласак [...]. Бетинг борми? Унинг миллати ўзбек экан. [...] Кўзингни ўйиб олса», — деб гапиришганини эшитиш мумкин.

Чуй вилоятининг ички ишлар бошқармасининг матбуот хизматидан «Клооп»га воқеа бўйича текширув ишлари бошланганини билдиришди.

Сокулук туман ички ишлар бошқармасига ўғриликда гумонланган одамни маҳаллий аҳоли ушлаб олгани  бўйича маълумот  20-июнда соат 16:00лар атрофида келиб тушган.

Милиция ходимлари Ак-Ордо участкасига боришганда соат 15:20да турғунлар телефон ўғирлашда айбланган шахсни устунга боғлаб қўйгани аниқланган.

«Гумондор 20-июн куни соат 15:00дан 16:00гача аҳоли уйларидан бирига кириб, бир нечта жуфт пойафзал  ва уяли телефон ўғирлаб, изини яшириб кетган. Мазкур участканинг 56 ёшдаги турғуни  милицияга ариза билан мурожаат қилиб, 14 500 сом моддий зарар келтирилганини ёзган», — дейилади маълумотда.

Ушбу  факт бўйича «Ўғрилик» моддаси билан қайд этилиб, жиноятда гумонланган қўлга олиниб, вақтинча хибсда сақловчи жойга киритилди.

Гумондорнинг яқинлари туман милициясига келиб, ушбу шахс рухий касалликлар шифохонасида рўйҳатда туриши ва 2020-2021-йиллари даволанганини билдиришган. Шу билан бирга улар гумондор қилган ишларига жавоб бера олмайди дея таъкидлашган.

Ўғриликда гумонланувчининг яқинлари маҳаллий аҳолининг устидан қарши шикоят ёзишдан бош тортган. Бироқ милициядан аҳолининг ҳаракатлари бўйича тергов амаллари олиб борилаётганини қўшимча қилишди.