Екатеринбургда Қирғизистонда ишлаб чиқарилган Coca-Cola, Fanta ва Sprite сотила бошлади

Россия дўконларида Қирғизистонда ишлаб чиқарилган Coca-Cola, Fanta ва Sprite ичимлик сувлари сотила бошлади. Бу ҳақда Россиянинг E1.RU нашри ёзди.

Нашрнинг маълумотига кўра, ичимлик сувлари Екатеринбургдаги маҳаллий дўконларнинг биридан топилган. Шишанинг қодоғида қирғиз тилидаги ёзувларни кўриш мумкин.

Фото: E1.RU нашри

Бунгача бир қатор ғарб мамлакатлари Россия ҳарбийлари Украинага хужум қилганидан кейин Россияга нисбатан иқтисодий ва технологик бир қатор санкцияларни солган. Бундан ташқари, кўплаб йирик халқаро компаниялар Россия бозоридан кетишини билдиришган. Уларнинг орасида Coca-Cola компанияси ҳам бор. Улар ичимлик сувлари ва бошқа товарини Россиядан чиқариб ва сотишни тўхтатишини айтиб чиқишган. Компания омборидаги товар заҳираси тугаса, Россиянинг дўконларида маҳсулот йўқ бўлади деб тушунтиришган.

Россиянинг «Фонтанка» нашри Россияда  Coca-Cola’нинг ўрнини Funky Monkey Cola ва Orange деган ичимлик сувлари эгаллашини ёзган.