Қийноқларнинг олдини олиш маркази: Казакпаевнинг дарди билан қамоқда сақлаб бўлмас эди

207

Депутат Дастан Бекешев Қирғизистонда ҳибсда қийноқлар натижасида ҳалок бўлганлар бор-йўқлиги ҳақида сўради. Халқ вакили бу масалани Жогорку Кенешнинг 15-июндаги йиғилишида кўтарган. Йиғилишда Қийноқларнинг олдини олиш миллий марказининг ҳисоботи кўриб чиқилди.

Марказ директори Бакит Рисбеков тахминан 2020-йилда қийноқлар оқибатида бир киши вафот этган деб жавоб берди. «Биздаги маълумотларга кўра, 2019 йилдан 2020-йилгача умумий  ёпиқ турмаларда 151 киши ҳалок бўлган. 2020 йилда эса қийноқлардан ўлиши мумкин деган бир  тахмин бор. 2020-йил 17-октябрь куни Ўш вилояти Новқат тумани  Тўлос қишлоғи яшовчиси томонидан ИИВнинг М.К. исмли  ходимига нисбатан хабар келиб тушган”, — деб жавоб берди Рисбеков.

Шунингдек, Бекешев  Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий маркази МХДҚ ҳибсхонасига охирги марта қачон ташриф буюргани, сиёсий таҳлилчи Марат Казакпаевдан хабар олгани ҳақида сўради.

Бакит Рисбековнинг айтишича, Марат Казакпаев ҳибсда бўлганида уч марта борган. Унинг сўзларига кўра, охирги марта Казакпаев касалхонага тушиб, вафот этгунича боришган.

«26 апрель куни унинг рафиқаси бизга мурожаат қилди. Ўша куни Миллий марказ МХДҚ тергов изоляторига Казакпаевнинг соғлиғи юзасидан шошилинч мурожаат юборди. Мурожаатимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассасаларидан бирида Қозоқпаевни кўрикдан ўтказиш кераклиги ёзилган, кейин бу амалга оширилган. Казакпаев госпиталга  ётқизилган. (...) 9-июнь куни  Казакпаевни бетоблиги сабабли ҳибсда ушлаб туриш мумкин эмаслиги ҳақида баёнот юбордик», — деди Рисбеков.

Шунингдек, депутат қамоқхонада соғлиғи оғир аҳолда бўлган яна қанча одам сақланаётганини сўради.

«Ҳозир аниқ рақамни айта олмайман. Қамоқларда касаллик туфайли озод қилиш амалиёти  Батукаев ишидан кейин тўхтаган. Бир фуқаро озод қилинди, бироқ бир ой ўтмай уйда вафот этди. Бундай ҳолатлар жуда кўп», - деди марказ раҳбари.

Казакпаевнинг ўлими

Марат Казакпаев мамлакатдаги сиёсий воқеалар бўйича эксперт сифатида танилган эди.

У 2021-йил 13-апрелда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан давлатга хиёнатда гумонланиб ҳибсга олинган. Жорий йилнинг 9 июнь куни Казакпаев геморрагик инсултни бошдан кечирди, миясига қон қуйилиб, жонлантириш бўлимига ётқизилди. У эртаси куни, 10-июнь куни вафот этди.

МХДҚ Казакпаевнинг ўлими юзасидан баёнот бериб, сиёсатшунос миясига қон қуйилиши оқибатида вафот этганини таъкидлади. Махсус хизмат маълумотларига кўра, Казакпаев «тергов ҳибсхонасида бўлган вақтида шифокорлар назоратида бўлган, улар буюрган дори-дармонларни қабул қилган ва унинг аҳволи қониқарли деб баҳоланиб келган».  Давлат қўмитаси 9-июнь куни Казакпаевнинг аҳволи кескин ёмонлашгани, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ташаббуси билан зудликда жонлантириш бўлимига ётқизилганини қўшимча қилди.

Қозоқпаевнинг адвокати Икрамидин Айтқулов суд-тиббиий экспертизага ариза бериш ниятида эканини билдирган.

«Ўлим сабаблари ва ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигини текшириш керак. МХДҚ Тергов изолятори ва тиббиёт хизмати ходимларининг ҳаракатларини текширамиз. Ёрдам қай даражада тўғри ва ўз вақтида кўрсатилди, деган саволлар туғилади. Жиддий муаммо шундаки, одам ўлган. У ўлмаслиги керак эди», — деди у.

13 июнь куни Ҳақиқатчи институти Казакпаев ўлимини текшириш учун жамоатчилик комиссияси тузганини хабар қилган эди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиев 15-июнь куни «Новые лица» нашрига берган интервюсида, Казакпаев ўлимига расмийларнинг «ҳеч қандай алоқаси йўқлигини» айтди. Унга кўра, сиёсатшунос яқинларининг марҳум Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов изоляторидаги қийноқлар ҳақидаги баёнотларини «ёлғон» деб атади. Ташиевнинг айтишича, МХДҚ тергов изоляторида қийноқлар «ҳеч қачон бўлмаган ва бўлмайди ҳам» деб таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, Казакпаев «қамоққа олиш ҳибсхонасида бўлганида шифокорлар назоратида бўлган, улар буюрган дори-дармонларни қабул қилган ва унинг аҳволи қониқарли деб баҳоланган».