Қамчибек Ташиев: Қариндошларимни қамайман деб қўрқитаман

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев «Новые лица» нашрига берган интервюсида Соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиевнинг ҳибсга олинишига изоҳ берди.

Ташиев Бейшаналиевга нисбатан жиноят иши Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси эмас, балки Бош прокуратура томонидан қўзғатилганини таъкидлади.

«Материалларнинг  ҳаммаси уларда. Аммо яна бир нарсани айтаман - жазосиз қолиш вазиятни янада оғирлаштиради. Шунинг учун биз масъулиятни ҳис қиламиз », —деди у.

Махсус хизмат раисининг қўшимча қилишича, ҳар бир мансабдор шахс ўзи каби қонундан қўрқиши ва ҳурмат қилиши керак.

«Масалан, мен қонундан қўрқаман. Мен ҳеч кимдан қўрқмайман, фақат қонундан қўрқаман. Ҳар бир давлат амалдори қонундан қўрқиши ва ҳурмат қилиши керак. Шундай экан, агар қонунга риоя қилинмаса, у ким бўлишидан қатъи назар – президентнинг одами бўладими, раис одамими, кимнингдир қариндоши бўлишидан қатъи назар, уни қутқара олмайди», — деди у.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарининг фикрича, одамлар «президент, раис ёки бошқалар» билан  танишман деб умид қилмаслиги керак.

«Мен барча қариндошларимга  “Сизларни биринчи ҳибсга оламан! Агар қариндошларим қонунни бузса, улардан бирини қамоққа ташлаганим маъқул!” деб таҳдид қиламан. Мен уларни шундай қўрқитаман. Нафақат мен, балки ҳамма қонундан қўрқиши керак», — деди Ташиев.

Бейшеналиевнинг ҳибсга олиниши

Соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев 2 июнь куни «коррупция»да гумонланиб ҳибсга олинган эди. Маълумки, Бош прокуратура вазирга нисбатан еттита жиноий иш қўзғатган.

Назорат қилувчи органга кўра, “Коррупция” моддаси бўйича битта, “Товламачилик” моддаси бўйича иккита, тўрттаси “Ваколатларини суиистеъмол қилиш” ва “Қасддан зарарли шартнома тузиш” моддалари бўйича иш қўзғатилган.

Эртаси куни, 3 июн куни Жапаров Соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев иши бўйича комиссия тузганини маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, давлат рахбари комиссияни жиноят иши холис қўзғатилганми ёки йўқми, «ўзи учун аниқлаш» мақсадида тузган.

«Мен холис бўлишим керак. Чунки жамоатчилик орасида “Бош прокурор ва вазир бир-бирига ҳасад қилади” деган фикрлар мавжуд. Шунинг учун ҳозирча иккаласини ҳам бир тарафлама танқид қилишдан йироқ бўлиб туринглар», —деди у.

Шу билан бирга, президент терговга ҳеч ким халақит бермаслигини, комиссия унга материалларни тўплашини таъкидлаган.

Жапаров бир неча бор Бейшеналиевни қўллаб-қувватлаб, уни «қўпол, аммо билимдон раҳбар» деб таърифлаган.

«Шунинг учун биз ахлоқий камчиликларга эътибор бермаймиз. У қилаётган иши халқ учун»,- деган президент.

4 июн куни Садир Жапаров тергов тугагунига қадар Алимқадир Бейшеналиевни лавозимидан бўшатган.