Бишкекнинг Жибек-Жолу шоҳ кўчасида жойлашган, собиқ қочқин президент Курманбек Бакиевга тегишли бўлган уй бузилди. Бинонинг бузилиши тўғрисидаги видеони Kaktus Media нашри эълон қилди.
Аввалроқ 9-июнда Меҳнат, ижтимоий химоя ва миграция вазирлиги ушбу уйнинг ўрнига ногиронлиги бор болалар учун соғлиқни қайта тиклаш маркази қурилишини билдирган. Вазир Кудайберген Базарбаевнинг сўзларига кўра, марказ болаларга бепул хизмат кўрсатади.
«Биз ҳаммасини биламиз, айниқса болалари бор оилалар хусусий хизматларни тўлай олмайди. Давлат замонавий марказда сифатли хизмат кўрсатилади. Марказ бир вақтнинг ўзида 100 нафар болани қабул қила олади», — деган Базарбаев.
Вазирлик маълумотига кўра, Қирғизистонда 32 мингдан ортиқ жисмоний имконияти чекланган болалар бор.
Курманбек Бакиев 2005-йили Аскар Акаев тахтдан қулатилганидан кейин, март инқилоби натижасида ҳукуматга келган.
2010-йили 7-апрелда халқ кўтарилиши оқибатида 80дан ортиқ одам вафот этиб, Курманбек Бакиев бошчилигидаги ҳукумат қулаган.
Бакиев оиласи билан Белорусияга қочиб кетганидан кейин ҳукуматга Роза Отунбаева бошчилигидаги Муваққат ҳукумат келган.
Курманбек Бакиевнинг Белорусия фуқароси экани очиқланган паспорти хаккерлик ҳаракатидан кейин ойдинлашган.
2016-йили суд Бакиевни 7-апрель воқеалари ва яна бошқа жиноятлари учун сиртдан 30 йилга озодликдан маҳрум этган. Шу билан бирга Бакиев оила аъзолари ҳам сиртдан ҳукм қилинган.