Президент Садир Жапаров «Би-Би-Си» нашрига интервью берди. Унда у сўнги воқеалар ва унга нисбатан айтилган танқидий фикрлар бўйича жавоб берди.
Жапаров суҳбатида «сўз эркинлигига эркинлик беришимиз керак» деди. Шу билан бирга у ҳаммасини бир хил кўришини ва уни танқид қилганларни «ёмон кўрмаслигини» билдирди.
«Оилада ҳам ўн нафар фарзандинг бўлса, бир иккитаси ночор чиқади. Уларни хўрлаб, ажратиб қўймайанку. Ҳаммасини бир хил кўрасан.Мени танқид қилаётганларни, ҳақорат қилганларни ёмон кўрмайман. Судга бермайман. Кечирим сўратмайман. Сабр қилиб тек қўйяпман. Лекин чегарадан ўтиб кетса, тарбиялаб қўйишга кучим етади. Чекдан чиқмаслиги керак», — деди у.
Шу билан бирга давлат рахбари халқнинг ҳаммасига ёқиш қийин деб хисоблайди. У «яхши ишларни кўриб турса ҳам кўришни хоҳламаган одамлар бор» деган фикрда.
«10-20 фоиз одамларга ёқмайсан. Мени қўллаб тахтга ўтқазган 80 фоиз сайловчиларимга эса шундай дейман, хавотир олманглар. Мен бош кўтармай яхши ишларни қилавераман. “Жўжани кузда санаймиз”. “Жўжани хисоблайдиган” вақт келганда ҳеч қачон сизларни юзингизни ерга қаратмайман», — деб ваъда берди у сайловчиларига мурожаат қилиб.
Президент Садир Жапаров ҳукуматга келганидан буён унга нисбатан танқидий фикр билдирганларни қайта танқид қилиб келади. Ҳукуматни танқид қилган баъзи фаолларга ва журналистларга жиноий ишлари қўзғалиб, баъзи сиёсатчилар қамоққа олинган.
Шу билан бирга Жапаров ҳукумати даврида мустақил журналистларга босим кучайган. Фаолларнинг, журналистларнинг, мухолифатчи сиёсатчиларнинг обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий дахлсизлигини бузувчи фото ва видео материаллар ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Бундан ташқари, президент тарафдорлари ижтимоий тармоқларда уни танқид қилганларни бир неча бор камситишган ва таъқиб қилган.