8-июнда Жалолобод вилоятида Қамбар-Ота -1 ГЭСининг қурилишини бошлаш тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда президент Садир Жапаров иштирок этди.
Давлат раҳбари ўз нутқида гидроқурувчиларни мамлакат учун қувончли воқеа — Қамбар-Ота-1 ГЭСининг асосий қурилишига тайёргарликларнинг бошланиши билан табриклади.
«Қамбар-Ота-1 ишлай бошласа Қирғизистонга ҳам, Марказий Осиёга ҳам фойда бўлади. […] Аллоҳ насиб қилса, Қамбар-Ота-1 ГЭСининг лойиҳасини амалга оширсак, мазкр иш Қирғизистон келажагига бизнинг қўшган улкан хиссамиз ва катта ютуғимиз бўлади», — деди у.
Энергетика ва саноат вазири Доскул Бекмурзаев журналистларга 8-июнда мухандислик тоннель ўтказиш учун тоғ тагини портлатишни режалаётганини айтди. Бу туннел орқали, Бекмурзаевнинг аниқлашича, гидроэлектростанциянинг баландлиги 256 метрни ташкил қилган плотинаси қурилгунга қадар Норин дарёси ўтказилади. Вазирнинг сўзларига кўра, плотинанинг ўзи 2024-йили қурила бошлайди.
Шу билан бирга у Қамбар-Ота -1 ГЭСида умумий тўрт агрегат ишлашини, биринчисини 2028-йили ишга тушириш режаланаётганини қўшимча қилди.
Бундан ташқари, Бекмурзаев бугунги кунда Қамбар-Ота-2 ГЭСида бир агрегат ишлаётганини, иккинчи агрегатни 2024-йил якунида ишга киритиш режаланаётганини айтди.
Бунгача президент Қамбар-Ота-2 ГЭСи Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорликда қўрилишини таъкидлаган.
Вазирлар маҳкамасининг бошлиғи Акилбек Жапаров 2022-йилнинг март ойи охирида ҳукумат Қамбар-Ота-1 ГЭСини қуришга 2022-йили 20 млн доллар ажратишни режалаётганини айтган эди.
Вазирлар маҳкамаси бошлиғи Қамбар-Ота-1 ГЭСи ишга тушиб олса, гидроэлектростанция Қамбар-Ота-2 ГЭСнинг ишга тушишига ҳам имконият беришини таъкидлаган.
«Шунда ишга тушган икки ГЭСнинг тўлиқ ва белгиланган қуввати 1000 мегаватни ташкил қилади. Агар уни фойдали киловатт соатларга айлантирсак, бу тахминан 3,5-4 млрд Квт соат. Бу тахмин ҳозир Токтогул ГЭСи ишлаб чиққан ҳажмга тенг», — деган вазирлар маҳкамаси раиси.