Милиция «Ала-Тоо» аквапаркида вафот этган учинчи синф ўқувчисининг ўлими бўйича жиноят ишини очди. Бу ҳақда «Клооп»га Октябрь туман ИИБнинг матбуот хизмати маълум қилди.
Милициянинг маълумотига кўра, 6-июнда Бишкек шаҳар ИИБга «Ала-Тоо» аквапаркида ўқувчи чўкиб кетгани ҳақида маълумот тушган. Воқеа жойига дастлабки маълумотни олиш учун ҳуқуқ тартибот органининг ходимлари борган.
У ердан №95 мактаб-гимназиясининг администрацияси ўқувчиларга аквапаркда таътил уюштиргани, ҳусусий бассейнда 3-синфнинг ўқувчиси чўкиб ҳалок бўлгани маълум бўлган.
Милициядан мазкур факт бўйича Жиноят-жазо кодексининг «Эҳтиётсизликдан ўлимга олиб сабаб бўлиш» ва «Истеъмолчилар учун хавф яратиш» моддаларининг асосида икки жиноят иши қўзғалганини таъкидлашди. Суд-тиббий экспертизаси тайинланди. Суриштирув давом этмоқда.
Мэриядан нима дейишди?
Аввалроқ Бишкек шаҳар мэриясига қарашли таълим бошқармасининг етакчиси Данияр Абдуазизов «Клооп»га мактаб ўқувчиси ҳалок бўлганини тасдиқлаган.
Аммо, унинг айтишича, воқеанинг сабаблари ҳозирча номаълум.
«Мактаб жамоатининг жавобгарлигини кўриш бўйича комиссия тузилди. Ҳозирча болалар [аквапаркка] мактабнинг ташаббуси билан боришганми ёки қандай экани ҳозирча номаълум. Дарс вақтида ёки мактабдан ташқари бўш вақтда боришганми, маълум эмас», — деган Абдуазизов.
Вафот этган боланинг онаси нима дейди?
Сувга чўкиб вафот этган боланинг онаси 6-июнда ўғли аквапаркка синфдошлари билан кетганини айтиб берган. Унинг айтишича, ўқувчилар аквапаркка боришидан олдин, болаларга қутқарувчилар билан икки катта ёшли киши назорат қилиб туришини айтишган.
Боланинг онаси фожеадан кейин тез ёрдам зудлик билан чақирилмаганини ҳам билдирган. У шифокорлар аквапаркка ўзи етиб боргандан кейингина ортидан келишганини қўшимча қилган.
Аёлнинг айтишича, шифокорлар болани кўриб, ўқувчи тез ёрдам келгунга қадар вафот этганини айтишган.
«Бизни, ота-оналарнинг барини у ерда қутқарувчилар бўлади деб ишонтиришган эди. Ўғлимнинг ўлими учун энди ким жавоб беради? Бир ойдан кейин, 12-июлда, 10 ёшга тўлар эди», — деб ёзди вафот этган боланинг онаси.