Ўш: Сўнгги қўнғироқ тадбирини мактабдан ташқарида нишонлаш таъқиқланди

329
Сурат интернетдан олинди

Ўш вилоятида сўнгги қўнғироқ тадбирини мактабдан ташқарида нишонлаш таъқиқланди. Ўш вилоят ИИБси жой-жойларда ўқувчиларга мактаб маъмуриятига ҳамда ота-оналарга тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

ВИИБнинг маълумотига кўра, 30-майда Қорасув туман давлат маъмуриятида 18 ёшга тўлмаган мактаб битирувчиларини турли ҳодисалардан сақлаш бўйича мажлис бўлди.

Унда ҳоким ўринбосари Айжан Куланова, туман таълим бўлими бошлиғи Гулай Машрапова ва ички ишлар ходимлари қатнашган.

Иштирокчилар Ўш вилоят раҳбари Зиядин Жамалдиновнинг сўнгги қўнғироқ тадбирини кафе-ресторанларда, табиат қўйнида ҳамда бошқа кўнгилочар жойларда ўтказишни таъқиқлаш ҳақидаги буйруғи билан танишишган.

Шу билан бирга агар ўқувчилар томонидан кўрсатилган қоидаларга риоя қилинмаслик ҳолати қайд этилса ёки уйларда ўтиришлар уюштирилса ота-оналари «Аҳоли тинчлигини таъминлаш тўғрисидаги талабларни бузиш» моддаси билан жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирилди.

Бу йил сўнгги қўнғироқ пандемия бошланганидан буён биринчи маротаба офлайн форматда ўтади. Байрам тадбири мактабларда 9-июнь куни нишонланади.

Ўқувчилар битирув кечасини нишонлаётганда ёки нишонлаш учун кетаётганда турли ҳодисаларга учраган вазиятлар бўлади.

2020-йилнинг июнь ойида Ўшда мактаб битирувчиси Оқбура дарёсига чўкиб кетиб, ҳалок бўлган. Ўшанда  милициядан ўқувчилар «битирув кечаси бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаса суратга тушайлик» деб Оқбурага боришганини айтишган.

Худди шу йилнинг май ойида Жалолобод вилоятининг Новкен қишлоғида йўл транспорт ходисаси содир бўлиб, бир ўсмир вафот этган. Уч нафар ўқувчи эса жароҳатланиб, касалхонага етказилган. Унда ҳам ўқувчилар дам олиш учун кетаётганди деб тахмин қилинган.

Муаллиф: Нурайим Рустамова