Украинадаги урушда 18-май куни 19 ёшдаги Сиргакбек Ўзубеков вафот этди. Бу ҳақда Сахалин вилоятининг губернатори Валерий Лимарченко билдирди.
У марҳумнинг қариндошларига ва яқинларига ҳамдардлик айтиб, ҳарбий ходимнинг оиласига ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.
Ижтимоий тармоқнинг қирғиз сегментида интернет фойдаланувчиси ҳалок бўлган йигит танишларининг фарзанди эканини, жасади ҳали ҳам Қирғизистонга олиб келинмаганини билдириб, кейин постини ўчириб юборган.
Ҳозирча Қирғизистоннинг Россиядаги элчилиги мазкур маълумотни тасдиқлаш ёки инкор қилиш учун изоҳ берганича йўқ.
Бунга қадар рус армиясининг қаторида хизмат ўтаб Украинадаги урушда ҳалок бўлган уч ёш йигитнинг жасади Қирғизистонга олиб келинган.
Масалан, урушда Иссиқкўл вилоятида туғилган 19 ёшдаги Эгемберди Дорбоев ҳалок бўлган. У ҳарбий хизматга 2021-йилнинг кузида чақиртирилган.
Бундан ташқари, рус ҳарбийларининг қаторида Украинага қарши урушда Рустам Зарифулин вафот этган. У Қораболта шаҳрида дафн қилинган.
Шунингдек 20 ёшдаги Исламжон Камилов вафот этган. Марҳум Қара-Дийқан қишлоғида дафн қилинган.