Президент Садир Жапаров Хавфсизлик кенгаши Қирғизистоннинг янги ҳарбий доктринасининг лойиҳасини кўриб чиқишини билдирди.
Маълумотга кўра, Жапаров бу ҳақда 29-майда Қирғизистон Қуролли кучларининг ташкил топганининг 30 йиллигига бағишланган тадбирдаги нутқида билдирган.
«Меҳмондўстлиги билан танилган Қирғизистонимиз ўзининг ҳарбий сиёсатини ўзини-ўзи мудофаа ва ҳимоя салоҳиятини ортириш принциплари асосида тузишини таъкидлаб ўтмоқчиман. Давлатимизнинг миллий хавфсизлигини таъминлаш учун қуролли кучларни мустаҳкамлаш – энг асосий вазифамиз», — деди президент. У миллий хавфсизликни таъминлаш тармоғидаги давлат сиёсатини қайта кўриб чиқиш керак деб ҳисоблайди.
Президент яқин орада қуролли кучларнинг ишини ҳар томонлама таъминлаш, айниқса, унинг ҳарбий имкониятини ошириш бўйича қарорлар қабул қилинишини қўшимча қилди.
Давлат бошчисининг айтишича, ҳозирда пул тўловларини, жумладан қуролли кучларнинг фуқаровий ходимларининг меҳнат ҳақини кўпайтириш бўйича ҳам янги таклифлар кўрилмоқда.