Прокуратура Ўш аэропортидаги воқеани текшира бошлади

278

Транспорт прокуратураси  Ўш халқаро аэропортидаги воқеани текшира бошлади. Бу ҳақда «Клооп»га 19-майда аэропорт етакчиси Арипжан Токуров билдирди.

Унинг айтишича, махсус комиссия бинонинг шифти нима сабабдан қулаб тушганини, унинг лойиҳага мувофиқлиги ва қандай ҳолатда қабул қилинганини текширади. Шунингдек бинонинг қайси қисмини қайтадан алмаштириш кераклигини аниқлайди.

Токуров Ўш халқаро аэропортининг кутиш зали бир неча босқич билан реконструкцияланганини таъкидлади.

Унга кўра, аэропортнинг ғарбий қисмидаги ички қатновлар билан учиб келганларни қабул қилиш залини 2012-йили «Аль-Манар» компанияси 78 млн сомга қурган.

2015-йили бу жойни кенгайтириш учун тендер ўтиб, уни «АвантРемСтрой» ҳамда «Ак Бата» компаниялари ютган. Улар эски зални тўлиғи билан бузиб, унинг ўрнига 70 млн сомга янги бино қурган.

2017-йили аэропортнинг кутиш залини қайтадан «Элит-Строй-Сити» таъмирдан чиқарган.

Қурилиш ишлари бошланган 2012-йилдан бошлаб 2018-йилгача жами 234 млн сом сарфланган. Кеча, 18-майда, қаттиқ ёққан ёмғир сабаб мазкур аэропортнинг кутиш залининг шифти қулаб тушган. Шунингдек атрофини сув қоплаган. Воқеадан ҳеч ким жабрланмаган.

Ўш халқаро аэропортининг шифти қулаб тушган кутиш зали 2018-йилнинг февраль ойида фойдаланишга топширилган. Янги объектнинг умумий майдони 2 минг квадрат метрни ташкил қилади.

Ўшдаги аэропорт 1974-йилдан ишлай бошлаган. У катталиги ва йўловчиларнинг оқими бўйичаа Қирғизистонда иккинчи ўринда туради.

Муаллиф: Айжамал Туголбай қизи