Ўш вилоят суди блогер Батмакан Жолболдуевани қамоқда қолдирди

307
Блогер Батмакан Жолболдуева

Ўш вилоят суди 13-майда блогер Батмакан Жолболдуеванинг эҳтиёт чорасини уй қамоғига ўзгартириш бўйича аризани кўриб чиқди. Йиғин ёпиқ ўтиб, суд Жолболдуевани қамоқда қолдирди.

21-апрелда Ўш шаҳар суди Жолболдуеванинг эҳтиёт чорасини кўриб чиқиб, уни 26-майгача қамоқда қолдирган. Блогернинг адвокати бу ҳукмдан вилоят судига шикоят қилган.

Судья бундай қарорини тергов бўйича тайинланган экспертизалар тўлиқ чиқмагани билан асослаган. Унгача терговчи Жолболдуеванинг уй қамоғига чиқиши «суриштирув ишларига тўсқинлик яратади» деган сабаб келтирган.

Мажлис бошлангунга қадар Жолболдуева журналистларга унга қўйилган айбларни тан олмаслигини айтган. Шунингдек, журналист Арзигул Галимбетованинг ўлимида «айбдорман деб ҳисобламайман» деб билдирган.

«Ҳеч қандай тергов ишини кўрмадим. Қўлга олинган куни келган, ўша бўйича терговчини кўрганим йўқ. Қариндошларим озиқ-овқат олиб келса ҳам тўрт кун киргизмай қўйибди. Очиқ ҳавога ҳам чиқаргани йўқ. Ҳуқуқим поймол этилди», — деган Жолболдуева.

Шунингдек блогер бунгача ўз ҳаётига суиқасд қилишга ҳаракат қилганини вақтинча сақлаш жойи етакчисининг «таҳдидлари» билан боғлаган.

Адвокати Назгул Суйунбаева эса блогерни қамоқда ушлаб туриш «ноқонуний» деб атаган. Унинг айтишича, Жолдубаеванинг ёлғиз она экани, балоғатга етмаган болалари ва катта ёшдаги отаси борлиги «ҳисобга олинмаган».

«Батма-Бат» Ютуб каналининг бошчиси Батмакан Жолболдуева 28-мартда журналист Арзигул Галимбетованинг ўлими бўйича қўлга олинган. Дастлаб унга нисбатан «Эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабаб бўлиш» моддаси билан судгача тергов бошланган.

Шундан кейин унга «Безорилик», «Ҳужжатларни сохталаштириш», «Шахсий ҳаётнинг дахлсизлигини бузиш» моддалари билан ҳам жиноят ишлари қўзғалгани маълум бўлди. Унинг адвокати қўзғалган ишлар асоссиз эканини айтган, шунингдек буни блогернинг фаолияти билан боғлаган.

Муаллиф: Айжамал Туголбай қизи