Муфтият депутатларни «Қуръонни ўйинчоқ қилмаслик»ка чақирди

289

Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси депутатларни “Қуръон билан ўйнамасликка” ва ундаги калималарни бузиб айтмасликка чақирди. Муфтийликнинг бу баёноти депутат Арсланбек Малиев ўз ҳамкасбларини қиморхонани қонунийлаштириш учун овоз беришга чақириш мақсадида парламентда Қуръон оятларидан бирини ўқиб берганидан кейин тарқатилди.  

ҚМДБ парламент аъзоларини ўз ишлари билан шуғулланишга, муқаддас китобнинг зикри орқали манипуляция қилмасликка чақирди.

«Ҳар бир одам ақлига яраша иш қилиши керак. Аллоҳ таолонинг қонунига қарши чиқманглар! Аллоҳ айтган нарсани банда ўзгартира олмайди. Муқаддас Қуръонда қайси нарса ҳаром ёки ҳалол экани 14-асрдаёқ айтилиб, у қиёматгача сақланади. Қуръонда айтилган ҳарома нарсани ҳеч ким ҳалол қила олмайди», — деб ёзилади муфтиятнинг баёнотида.

Жогорку Кенешнинг 11-майдаги йиғинида Арсланбек Малиев  «Қимор ўйингоҳлари» ҳақидаги қонун лойиҳасининг муҳокамасида лойиҳани қўллаб-қувватлашини айтиб, «Аль-Бақара»нинг (Қуръоннинг иккинчи сураси), 219-оятни ўқиб берган. У муқаддас китобда қимор ўйинларининг “бир қанча фойда” борлиги айтилганлигини билдирган.

Бироқ халқ вакили Қуръон оятини охиригача ўқимаган.

У ўқиган оятнинг тўлиғида шундай ёзилган:

«219-оят. Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», – деб айт. Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: «Ортиқчасини», – деб айт. Аллоҳ шундай қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, тафаккур қилсангиз».