Айзада Канатбековани қидиришдаги милициянинг масъулиятсизлиги бўйича иш ҳамон судга ўтгани йўқ

320

Бундан роса бир йил олдин, 2021-йилнинг 5-апрелида Айзада Канатбековани Бишкекнинг Медеров ва Тинистанов кўчаларининг кесилишида олти киши ўғирлаб кетган. Икки кундан кейин қизнинг жасади топилган.

Воқеа жамоатчиликни ларзага солиб, ҳуқуқ органларининг иши танқид қилиниб, ИИВнинг ва шаҳар милициясининг етакчиларини истеъфога чиқариш талаби қўйилган.

Қизнинг ўғирланиши ва ўлдирилиши бўйича бир неча судгача текширув ишлари бошланган. Уларнинг бири — Бишкекнинг Биринчи май ТИИБ ходимларини қизни излашдаги эътиборсизлиги. Бу қизнинг ўлимига олиб келган.

Бироқ ўтган йилнинг 8-апрелида текширила бошлаган бу жиноий иш ҳамон судга ўтмаган.

«[Бу ишда] ҳеч қандай жилиш йўқ. Агар бўлса айтишарди. Улар “эрта-индин” деган [сиёсатни ушлашган]. Ҳеч қандай жилиш йўқ», — деб билдирди жабрланувчи томоннинг адвокати Нурбек Токтакунов «Клооп»га берган интервьюсида.

Айзада Канатбековани ўғирлаш ҳолати кузатув камерасига тушиб қолган. Сурат: кузатув камерадан скриншот.

Бир йилга чўзилган текширув

Бишкекнинг Биринчи май ТИИБнинг ходимларига «Масъулиятсизлик» моддаси бўйича судгача текширувни МХДҚнинг шаҳар бошқармаси тьекширмоқда. Бош прокуратурадан иш назорат органининг «алоҳида назоратида» эканини айтишган эди.

«Клооп» жиноий иш қайси босқичда эканини билиш учун бош прокуратура билан МХДҚга бир неча марта мурожаат юборган.

Охирги марта мурожаатни «Клооп» 21-январда жўнатган. 11-февралда МХДҚнинг шаҳар бошқармасидан «жиноий иш назорат тартибида ўрганиш учун Бишкек шаҳар прокуратурасига юборилди» деган жавоб келган.

Бироқ шаҳар прокуратурадан жиноий иш МХДҚнинг шаҳар бошқармасида текширув босқичида турганини айтишган.

Шаҳар прокуратураси яқинда «Азаттык»га тез орада ишнинг натижаси чиқишини айтиб, уни МХДҚ текшираётганини такрорлашган.

Айзада Канатбековани ўғирлаб, кейин ўлдирилиши

Айзада Канатбекова 2021-йилнинг 5-апрелида тонгги соат 5да ўғирланган. Унинг онаси Назгул Шакенованинг айтишича, у милицияга мурожаат қилганда, «улар "аччиқ босар келади, тўй ейсизлар, нимага хавотир бўляпсизлар деб кулишган.

Айзаданинг онаси қизини ўғирлаганларни билгани учун уни кимлигини милицияга айтган — у бунгача Айзада Канатбековани ортидан юриб, ўғирлаб кетишга ҳаракат қилган, бир неча марта судланган Замирбек Тенизбаев бўлган. бу ҳаракатлардан қўрққан қиз Қирғизистондан кетишга қарор қилган — у Туркияга чипта ҳам олиб қўйган.

Жиноятни кўчада илинган камералар тасвирга олган — машинанинг рақами ва неча киши ўғирлагани маълум бўлган.

7-апрелда Бишкекка яқин жойдаги даладан автомашина топилган, унинг ичида қизнинг жасади бўлган. ўша машинада Айзадани олиб қочган Замирбек Тенизбаевнинг ҳам жасади бўлган. Машина бу ерда бир неча кундан бери тургани маълум бўлган. Бироқ қизнинг ўлиги топилишидан бир кун олдин терговчи Айзаданинг онасига қизи тирик ва соғ-саломат эканини айтиб ишонтирган.

Қизни ўғирланиб кейин ўлдирилиши жамиятда резонанс яратган.

Қизнинг жасади топилган куннинг эртасига ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг ҳаракатидан норози бўлган юзлаган фуқаролар Ўш ва Бишкек шаҳарларида митингга чиққан. Йиғилганлар Бишкек ШИИБ бошчиси Бакит Матмусаев билан Ички ишлар вазири Улан Ниязбековни истеъфосини талаб қилишган.

2021-йилнинг 10-апрелида ИИВнинг 12 етакчиси ва ходими ишдан бўшатилган, 27 милиционер «хизматга тўлиқ муносиб эмаслиги ҳақида огоҳлантириш» тартиб жазосини олган. Шунингдек, 5 ходимга «жиддий ҳайфсан берилган».

Уларнинг орасида Бишкек ШИИББининг етакчиси Бакит Матмусаев, унинг ўринбосари Эрлан Атантаев, Биринчи май ТИИБнинг бошчиси Акилбек Казакеев ва қидирув ишларига бюрократик ҳаракатлар тўсқинлик қилди деган тергов хизматининг бошчиси Нурлан Утемисов эгаллаган хизматидан бўшатилган.

Айзада Канатбековани ўлимига боғлиқ жиноий иш уни ўғирлаб, кейин ўлдирган Замирбек Тенизбаев вафот этгани сабаб тўхтатилган. Тенизбаев ўз жонига қасд қилган.

Бишкекнинг Биринчи май туман суди Айзада Канатбековани ўғирлашда айбланган беш одамни айбдор деб топган. Уларнинг бари 6,5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилинган. Улар бу қарордан норози бўлишган, бироқ Бишкек шаҳар суди биринчи инстанциянинг қарорини кучида қолдирган.