Суд вақтинча сақлаш изоляторида 9 ой ўтирган шахсга товон тўлашдан бош тортди

341

Бишкекнинг Биринчи май туман суди судланган Адилет Асановга 1 млн сом товон тўлашдан бош тортди. У вақтинча сақлаш изоляторида белгиланган 48 соатнинг ўрнига 9 ой ўтирган. Бу ҳақда «Справедливость» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотидан билдиришди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Асанов 2020-йилнинг май ойида талончилик учун судланганини билдиришди.

Уларнинг маълумотига кўра, Асанов Нокен туман ИИБнинг вақтинча сақлаш изоляторида қоронғи ва антисанитар шароитда ушлаб турилган, унга сифатсиз озиқ-овқат берилган. Бундан ташқари, у тоза ҳавоси бўлмаган камерада ўтирган. Шунингдек қўлга олинганлар ерда ёки кароватда ўтириб овқатланишга мажбур бўлишган, чунки камерага стол ва ўтирғичлар қўйилмаган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумоти бўйича, ўтган йилнинг январида Асанов ва бошқа маҳбуслар камерага 20 кундан ортиқ сув берилмагани учун очлик эълон қилган. Биринчи марта у 2021-йилнинг апрелида товон сўраб Нокен туман судига мурожаат қилиб, у ердан аризасини қаноатлантиришдан бош тортишган.

Ташкилотдан билдирилишича, кейин Жалолобод вилоят судининг коллегияси Асановнинг аризасини қаноатлантиришдан бош тортиш қарори янглиш деб атаган. Аммо 2022-йилнинг 29-мартида Биринчи май туман суди Асановга 1 млн сом товон тўлаб беришдан бош тортган.

Энди ҳуқуқ ҳимоячилари Бишкек шаҳар суди ҳамда Олий суд Асановнинг фойдасига қарор чиқаради деб умид қилади.