Ўшда турғунларга уй олиб беришни ваъда қилган S-LINE турар-жой кооперативининг етакчиси қўлга олиниб, 48 соатга вақтинча сақлаш жойига киритилди. Бу ҳақда Ўш ШИИБнинг матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотга кўра, S-LINE кооперативининг раҳбари устидан ваъда қилинган уйни ололмаган 24 кишидан ариза тушган. Шикоят қилганлар кооперативга кириш учун 218 минг сом пул тўлаб, кейин ҳар ойда уйнинг нархини 25%, 35% ва 50%гача тўловларини тўкиб туришганини айтишган.
Милициядан бу кооператив «фирибгарлик билан шуғулланган молия пирамидаси қатори» иш юритишда гумонланаётганини билдиришди.
«Дастлабки тергов ишлари кўрсатишича, кооператив айрим фуқароларга уй олиб бериб, пулини тўлаган қолганларга уй берилган эмас [...] Бугунги кунда зарарнинг миқдори 40 млн сомдан ошади», — деб айтилади маълумотда.
Ўш шаҳар милициясининг тергови бўйича, S-LINE кооперативининг жанубий филиали 2020 йилнинг 23 сентябрида очилиб, 2022 йилнинг 1 февралигача ишлаганини билдиришди. Бу орада кооперативга уй олиш учун умумий 102 одам мурожаат қилган.
Факт бўйича «Ишониб берилган мулкни ўзлаштириш» моддаси билан жиноий иш қўзғалди. ШИИБдан гумондор сифатида кооператив раиси, Бишкек шаҳрини 28 ёшдаги турғуни «А.Б» қўлга олиниб, 48 соатга қамоққа олинганини билдиришди. Бу инициаллар кооператив раиси Бактибек Аалиевга тўғри келади.
S-LINE кооперативи
Бунгача журналист Улукбек Карибек ўғли Ўш шаҳридаги турар-жой кооперативлари ҳақида суриштирувни эълон қилган. Унда кооперативларга пул бериб, бироқ уйга етолмаган юзлаган турғунлар воқеаларини айтиб беришган.
Суриштирувда жабрланувчиларнинг бири пулини ҳамон қайтара олмаётгани сабаб кооператив директори Бактибек Аалиев устидан ҳуқуқ органларига ариза ёзганини билдирган. Аалиев устидан умумий олти ариза тушган. Бироқ жабрланувчилар милиция ишни яхши тергов қилмаётганидан норози бўлишган.
Бактибек Аалиев журналистга берган интервьюсида ҳозирда S-Line'нинг фаолияти вақтинча тўхтаганини билдирган. Унинг айтишича, кооперативга 2021 йилнинг октябрь ойидан бошлаб тергов бориб, ташкилот асосчилари орасида «тушунмовчилик бўлмоқда».
«Ҳар ким ўз вақтида, уй оладиган уй, пул оладиганлар пулини олади. Ҳеч ким ҳеч қаерга қочмади, ҳеч кимникини бермай қўймади, кейин «уй олади, машина олади, чет ўлкага чиқиб кетади» дегани…бу менинг шахсан ўзимни пулим, мен уларни халқдан сўраб қилмайманда. Мен аввал ҳам [чет ўлкаларга] чиқиб юрган одамман [...] Бизнинг кооперативга энди бир йил бўлмоқда*. Шартнома бўйича мижозлар бир йилда [уйни] олишади, энди вақтлари келди», — деган у.
Юстиция вазирлигининг базасида S-Line кооперативи 2020 йилнинг сентябрь ойида рўйхатдан ўтган.