Туғруқхонага зарба, тинч аҳолини эвакуациялаш. Украинадаги уруш бўйича сўнгги воқеалар

274

Украинада Россия ҳужуми сабаб бошланган уруш давом этаётганига 14 кун бўлди. Уруш 24 февралда бошланган.

Россиянинг мудофаа вазирлиги Украина ҳудудига мажбурий ҳарбий хизмат ўтаган ҳарбийлар жалб қилинганини тасдиқлади. Мудофаа вазирлигининг расмий вакили Игор Конашенко мажбурий ҳарбий хизмат ўтаётганлар Украина ҳудудида бўлганини исботлайдиган бир неча фактлар топишганини билдирди. У «бундай аскарларнинг деярлик бари Россия ҳудудига чиқарилганини» қўшимча қилди.

Бундан ташқари, Конашенко мажбурий ҳарбий хизмат ўтаётган бир неча аскар асирга тушганини ҳам айтди. Бунгача Россия президенти Владимир Путин мажбурий ҳарбий хизмат ўтаётганлар Украинадаги урушга юборилмаганини билдирган эди.

Мариуполда, Украин нашрларининг маълумотига кўра, ҳаводан туғруқхонага зарба берилган. Маълум бўлишича туғруқхона тўлиқ вайрон бўлган. шунингдек, болалар касалхонаси ҳам жабрланган. Кейин Владимир Зеленский авиа ҳужумдан 17 киши жабрланганини маълум қилган.

 

Туғруқхона вайрон бўлгандан кейин украин президенти Twitter саҳифасида яна бир марта ўлканинг ҳаво йўлларини ёпишга чақирди. Бунгача у шундай илтимос билан НАТО давлатларига ҳам мурожаат қилган, бироқ улар рад этишган.

УНИАН нашрининг маълумотига кўра, ўтган суткада Украинадан 40 мингдан ортиқ аёллар ва болалар хавфсиз жойларга кўчирилган.

 

Зеленский Украинанинг Киев вилоятида ва Энергодар шаҳрида гуманитар коридорлар ишлаётганини, шу орқали 35 мингдан ортиқ одам хавфсиз жойга чиқарилганини билдирди.

Атом энергия бўйича халқаро агентлиги (МАГАТE) Чернобил АЭСида рус ҳарбийлари томонидан босиб олинган бери мутахассислар алмашмай, бир навбатчиликда ишлаётганини билдирди.

Бу орада «Укренорго» АЭС электр симларидаги авариядан тўлиқ электр энергиясиз қолганини, буни тўқнашувлар сабаб таъмирлаш мумкин эмаслигини, резервдаги дизель генераторлари икки суткага етишини маълум қилган. Улар ҳаво алмаштириш ва музлатиш йўқлиги атроф муҳитга радиоактив зарралар чиқишига олиб келади деган хавотирда.

Мудофаа вазирлиги АЭСни Белорусдан олинган электр энергияси билан таъминлашини билдириб, электр симларидаги аварияга одатдагидай «украиналик миллатчиларни» айбламоқда.