Соғлиқни сақлаш вазири Бейшеналиев Исманкуловга таҳдид қилди

312

Соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев 10-мартда Бишкекдаги №2 кўп тармоқли касалхонага борди. У «Исманкуловнинг кўз микрохирургияси» клиникаси касалхонани ижарага олган корпусини бўшатган-бўшатмаганини текширмоқчи бўлган.

Фойеда вазирни клиника вакили кутиб олди. Вакил «ҳозирча бинони бўшатиш бўйича Бишкек мэриясидан қарор чиқмаганини айтиб, Қирғизистон ҳуқуқий давлат эканини» билдирган. Бунга вазир: «Эй, бор йўқолчи сен, ҳуқуқинг билан!» деб жавоб берди. Бейшеналиев агар бугун бинони бўшатмасанглар клиникага йигитлар билан келиб, барини вайрон қилишини айтиб қўрқитди.

Кейин Бейшеналиевни Исманкулов билан телефон орқали боғлашди.

«Эй "лопух", мен сени неча кундан бери излаяпман? Агар уч соат ичида бўшатиб қўймасанг, ўзингдан кўр. Тушундингми? 24 йилдан бери Қирғизистонни алдаб келасан. Мен бу ерга қўриқчиларимни қўяман, ҳеч ким киролмайди. Мен сени огоҳлантирдим, сен 10 кун сўрагансан, бироқ яна алдагинг келяптими? Йўқолиб кетчи. Сени борадиган ерингни айтардим, бу ерда қизлар турибди. Агар уч соатдан кетган, мен келганда хизматкорларинг ҳамон шу ерда бўлса, мендан хафа бўлма!» — деб қўрқитди вазир Исманкуловни.

Видео: Кактус Медиа

Шартномани бузиш

2022-йили 17-февралда соғлиқни сақлаш вазирлиги Алмазбек Исманкуловнинг «Кўз микрохирургияси» хусусий клиникаси жойлашган бинони ўзига қайтариб олган.

Вазирлик маълумотига кўра, Бишкекдаги №2 клиник кўп тармоқли касалхонанинг биноси коронавирус билан оғриган беморларни қабул қилиш учун тайёрлана бошлаган. Бинога «қизил зона» кароватлари кўчирилиши керак эди. Соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев Исманкулов клиникасининг аппаратлари бинодан чиқарила бошлаганини билдирган.

Муассасадан Исманкулов клиникаси билан ижара шартномасини шаҳар мэрияси бузганини қўшимча қилишган. Бундан ташқари, мэрия Бишкекдаги №2 туғруқхона биносида жойлашган кўп тармоқли «КАМEК» клиникаси билан ҳам шартномани бузган.

Аввалроқ, 2021-йилнинг декабрида Бишкек шаҳар кенгашида Исманкулов клиникаси «ижара ҳақига арзимаган пул» тўлаётгани айтилган. Депутат Мийзамидин Каликов ижара ҳақи бир кв метрга 150 сом эканини билдирган. Исманкулов клиникаси билан ижара шартномасини бузиш масаласи олдин ҳам кўтарилган эди.