9-мартда Қирғизистон мусулмонлари дин бошқармаси «Марҳумни дафн қилишда исрофгарчиликни олдини олиш ҳақида» фатво чиқарди. Унга кўра, қазо бўлган одамни дафн қилишда мол сўйиб, келганларга дастурхон ёзиб, овқат бериш тақиқланади.
Муфтият азадорларнинг молини сўйдириш шариатга тўғри келмайди деб таъкидлади.
«Агар марҳумнинг ортида ёш болалари қолса, жанозага келганларга мол сўйиб, овқат уюштириши — ҳаром», — деб билдирди дин бошқармаси «Қуръон»дан ва ҳадисдан бир қанча мисол келтирди.
Қирғизистон мусулмонлари дин бошқармаси фатво асосида қуйидаги қарорларни чиқарди:
Аза бўлаётган уйда дастлабки уч кун ичида мол сўйилиб, келганларга дастурхон ёзилиб, овқат берилмасин.
Марҳумга атаб, учлик, пайшанбалик, қирқ, йиллик (ош бериш) ҳеч бир диний китобларимизда айтилмаган.
Газламани кичик бўлакларга бўлиб «йиртиш» тарқатиб бериш, кийим кийдириш (қора ёпиш) шариатда йўқ.
Қабрнинг устига гумбаз ва бошқа нарсаларни қуйиш шариатда йўқ ва исрофгарчилик. Гумбаз қуришга кетган пулни етим-есирларга, муҳтожларга берса, савоби, фойдаси кўпроқ бўлади.
Фатвони бажариш барча Қирғизистон мусулмонлар учун шаръий вазифа бўлиб ҳисобланади.
Муфтият мотам тугагандан кейин ўлик чиққан уйнинг иқтисодий ҳолатига яраша, қарз олмай, истаган вақтда бир марта хайрия мақсадида қуръон ўқитиш етарли бўлишини билдирди.
24 февралда президент Садир Жапаров «Оилавий маросимларни ва марҳумларни хотирлаш урф-одатларини тартибга солиш чоралари ҳақидаги» фармонни имзолаган. Унда Жапаров марҳумни дафн қилишда мол сўйиш тақиқланишини айтиб, Қирғизистон мусулмонлари дин бошқармасига тегишли фатво чиқаришни таклиф қилган.
Президент фармони бажарилишини назоратга олишни маҳаллий ҳукуматлардан бошлаб Оқ уйдаги амалдорларгача топширишини айтган.