МХДҚ раиси Камчибек Ташиев 8-март Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Жалолобод шаҳрида «Қаҳрамон оналарни тақдирлаш» байрам тадбирини ўтказди. Маросим икки ресторанда 1000га яқин қаҳрамон оналар иштирокида бўлди.
Ташиевга қарашли «Регион ТВ»нинг бошчиси Откурбек Рахманов Фейсбук саҳифасига бу ҳақда пост жойлаб, суратлар билан бўлишди.
Камчибек Ташиев уюштирган «Қаҳрамон оналарни тақдирлаш» тадбири. Сурат: Откурбек Рахманов Фейсбук саҳифаси.
Рахманов эълон қилган маълумотга кўра, олдин оламдан ўтган оналарга қуръон ўқилди. Кейин оналарнинг олдига махсус хизмат бошчиси чиқиб табриклаган.
«Сизлар билан учрашганимдан қувонаман, онамни кўргандай бўлиб суюнаман. Сизлар билан 30 йилдан бери 8 мартда учрашамиз. Шу куни барча ишимни ташлаб сизларни олдингизга келдим. Қаҳрамон оналардан бошқа мен ҳеч кимни табрикламайман», — деди у.
Қаҳрамон оналарни табриклаш ва қуръон ўқитиш тадбирини 7-канал Фейсбук орқали жонли эфирда ёритди. Унда Ташиев тадбирни икки ресторанда уюштирганини айтган.
«Бу байрам ўзгача деб мингга яқин қаҳрамон онани йиғдим. Атайлаб кўпроқ йиғдим, қаҳрамон оналарни табриклайин деб. Ҳозир кейинги ресторанда ҳам қаҳрамон оналар ўтирибди, шуларни табриклаб келайин. Сизлар чой ичиб туринглар. Мен қайтиб келаман, кейин шу ерда суҳбатлашамиз», — деган МХДҚ бошчиси.
«Регион ТВ» телеканали оналарни тақдирлаш маросимидан лавҳа тайёрлаган. Унда оналарни қутлаб хизмат кўрсатган артист Сиймик Бейшекеев ва эстрада хонандаси Айгерим Расул қизи қўшиқ айтганини кўриш мумкин.
Ташиев сўзининг охири келаси йилдан бошлаб тадбирларни ўғиллари ўтказишини таъкидлаган.
«Болаларимнинг болалари вақти келганда бу маросимни давом эттирсин. Абадий бўлиб, қаҳрамон оналарни тақдирлаш давом этсин. Дуо қилинглар», — деди Ташиев.