«Урушга йўл йўқ». Бишкекда Аёлларнинг халқаро куни муносабати билан тинчлик марши ўтди

351

Бишкек шаҳрида 8 март Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан «Тинчлик. Март. Марш» номли пиёда юриш бўлди. Маршнинг иштирокчилари урушга қарши эканликларини айтиб, тинчлик тарафдори эканликларини билдиришди.

Сурат: Kloop.kg

500га яқин шаҳар турғуни ва фаоллар «Россия» кинотеатри олдига йиғилиб, Чуй проспекти орқали «Уркуя Салиеванинг ҳайкали» сифатида маълум «Революция қаҳрамонларига» бағишланган мемориалгача пиёда келишди.

Сурат: Kloop.kg

Улар «Дунё аёллари урушга қарши», «Урушга йўл йўқ»,  «Қирғизистон урушга қарши», «Эркин Қирғизистоннинг эркин қизлари», «Аёллар ҳуқуқлари ҳимоя қилинсин» деган шиорларни айтишди.

Сурат: Kloop.kg

Юришнинг айрим иштирокчилари «Жиноятчи жабрланувчи бўлолмайди!», «Парламентга аёллар келсин», «Аёл ҳуқуқи — одам ҳуқуқи», «Зўравонликка йўл йўқ», «Олиб қочиш анъана эмас!» деган ёзуви бор транспарантларни кўтариб чиқишди.

Сурат: Kloop.kg

Маршнинг бошида акция ташкилотчиларидан бири, ёзувчи Альтин Капалова акциянинг мақсади — аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва аёллар урушга қарши эканини айтиш деди.

«Биз бу йил юришнинг мавзуси сифатида бутун дунё аёлларини урушга қарши эканликларини танладик. Сабаби Украинадаги уруш баримизга тегишли. Украинадаги урушни давом эттиришдаги сабабларни кескин қораламаймиз ва оддий халқ ҳуқуқларини ҳимоя қилган адолат, тинчликни ўрнатишни талаб қиламиз!», — деди у.

Шунингдек, Капалова урушда аёллар ва ёш болалар кўпроқ жабрланаётганини айтиб, юришнинг шиорини ўқиди: «Барча аёллар зўравонликка ва урушга қарши курашиш учун бирлашайлик!».

Юриш иштирокчиси, фуқаровий фаол Улан Усойун ўлкада аёлларнинг ҳуқуқи ҳимояланмай, аксинча зўравонлик куч олаётганини билдирди.

«Ҳозир аёлларнинг ҳуқуқи ҳимояланади дейишдан узоқ бўлиш керак. Айниқса, Қирғизистонда зўравонлик кўп бўлмоқда. Оилада, кўчада ҳам аёлларни калтаклаган ҳолатларни кўряпмиз. Аёлларга бўлган зўравонлик 60 фоизга ошди десак бўлади», — деди у.

Юриш Украинадаги урушда қурбон бўлганларни бир дақиқа хотирлаш билан тугади.

Бирлашган миллатлар ташкилоти 1975 йили 8 мартни Халқаро хотин-қизлар куни деб қабул қилган. Шундан бери аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш халқаро куни ва халқаро тинчлик куни сифатида нишонланади.

Қирғизистонда ҳар йили 8 мартда аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича тинчлик юриши ўтказилади. Шу билан бирга ўлканинг турли ҳудудларида аёллар кунига бағишланган тадбирлар ўтказилади.

2020 йилнинг 8 мартида аёллар ҳуқуқи учун юришга чиққан қирғизистонлик фаолларга белгисиз одамлар ҳужум қилган. Улар фем-акция шиорларни бузиб, қизларга ҳужум қилиб, тош, тухумларни отишган. Натижада милиция ҳужум қилганларни эмас, юришнинг 70га яқин иштирокчисини қўлга олган.