Баткенда божхона ходимлари учун уч қаватли хизмат уйи қурилмоқда

302
Сурат: Turmush

Баткенда божхона хизматининг вилоятдаги бошқармаси ходимлари учун хизмат уйи қурилмоқда. Бу ҳақда «Турмуш» нашри ёзди.

Маълумотга кўра, 7 мартда божхона хизматининг раиси Самат Исабеков, вилоят раҳбарининг ўринбосари Маруфхан Туллаев ва маҳаллий ҳукумат вакиллари қурилишга капсула солишди.

Уч қаватдан иборат уйда 18 хонадон бўлади. Қурилиш бўлаётган ерда олдин хизмат уйлари жойлашган эди. Улар эскиргани сабаб янги уйга муҳтожлик бўлган.

«Турмуш» нашри уйнинг қурилишига 2021 йили 72 млн сомлик тендер эълон қилинганини, уни Ўшдаги «Монтажник» компанияси 63 млн сом таклиф қилиб ютиб олганини ёзди. Бироқ давлат сотиб олишлар порталидан тендер ҳақидаги маълумотни тополмадик. Мазкур хизматнинг ўзи билан боғланишни имкони бўлмади.

Бунгача МХДҚ ходимлари учун Жалолобод шаҳрида ҳам 205 хонадондан иборат хизмат уйлари қурила бошлаган. Қурилиш ишлари 2022 йилнинг охирида битирилиши айтилган. Уй чегарачиларга, кам таъминланган оилаларга ҳам берилади.

Бундан ташқари, махсус хизматнинг ҳудудлардаги бошқармалари учун янги бинолар қурилган. Бу қурилишлар учун маблағ манбаи очиқланмаган.

Миллий статистика қўмитасининг 2020 йилдаги сўровномаси бўйича давлат божхона хизмати энг коррупциялашган муассаса деб топилган.

Давлат идораларидаги коррупция -100дан +100гача балл билан ҳисобланган. Божхонадаги коррупция даражаси йилнинг биринчи ярмида -16, иккинчи ярмида -15,4 деб баҳоланган.