Бишкекда машинасига «Z» белгисини ёпиштирган ҳайдовчиларга жарима солинади. Бу ҳақда «Клооп»га Бишкекнинг патрул милициясининг матбуот котиби Байгази Айткул ўғли билдирди.
У «Z» белги нимани англатишини билмаслигини айтиб, бироқ «қандай белги бўлмасин машинага рухсатсиз ёпиштириш» қонунга тўғри келмаслигини маълум қилди.
«Бу Қирғизистоннинг “Ҳуқуқ бузарликлар ҳақидаги” кодексининг 194-моддасини биринчи бандига қарши келади. Қонун бўйича, бундай қонун бузарликка 5500 сом жарима солиниб, машина жарима майдонига киритилади», — деб тушунтирди Айткул ўғли.
Бунгача ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Бишкекда «Z» ҳарфи ёпиштирилган машиналар пайдо бўлганини айта бошлашган.
Охирги вақтларда Россияда Украинадаги рус армиясини қўллаган флешмоблар куч олган. Россияликлар ижтимоий тармоқларда #Z хештегидан борган сари кўп фойдаланиб, ҳайдовчилар машиналарга «Z» ҳарфини ёпиштиришмоқда. Ўлка турғунлари уйларининг ойналарига ҳам шу белгини ёпиштиришмоқда.
«Z» – рус армиясининг шартли белгиларидан бири, Украинага ҳужум қилган вақтда ҳам қўлланилган.
Россияни Украинага ҳужуми 24-февралда бошланган. Рус ҳукумати ОАВларига урушни «уруш» деб аташни тақиқлаб, уни «махсус операция» деб аташга мажбурламоқда.
Бутун дунё бўйича урушга қарши норозилик акциялари ўтмоқда, уларнинг орасида Россиянинг ўзида ҳам (бу ерда улар босимга учраб, полиция кўчадан минглаган одамларни ушлаб кетмоқда).
Россия Украинага ҳужум қилгани учун йирик халқаро санкцияларга учради.