Адвокат: Орхан Инанди аввалги кўрсатмаларини инкор қилди, чунки у қийноқ билан олинган

325

«Сапат» лицейлар тармоғининг директори Орхан Инандининг оқловчиси Таалайгүл Токтакунова ҳимоя қилаётган кишиси тергов вақтида берган кўрсатмасини инкор қилганини билдирди. Туркияда Инанди қуролли террор ташкилотини бошқарган деб айбланиб, ҳибсга олинган.

Токтакунованинг таъкидлашича, тергов вақтида Инандидан кўрсатма қийноқ орқали олинган, аммо шунга қарамай айбни бўйнига олмаган.

«Судда 37 кун ичида қандай қийнаганини айтиб берди. Қўлини синдириб, ўлдирамиз деб қўрқитишган. Бундан ташқари, уни автомашинанинг остига ётқизганини айтиб берди. Касалхонага икки ойдан кейингина олиб боришган. Шифокорлар қўлини даволашга кеч бўлганини айтишган. Шу кунгача қўлини кўтара олмаяпти», — деб билдирди Токтокунова «Kaktus Media»га.

Токтакунова энди Инанди судда янги кўрсатма беришини, айбланувчи томонни қўллаб-қувватлаётган гувоҳлар ҳам кўрсатмаларини рад этганини қўшимча қилди.

Орхан Инанди ўғирланганидан 158 кун ўтганидан сўнг.  Сурат:  Таалайгул Токтакунова.

Инандининг иши бўйича охирги суд 3-февралда Туркиянинг Анқара шаҳрида  ўтган. Прокуратура уни «Қуролли террор ташкилотни бошқарган» деган айб билан 15 йилдан 22,5 йилгача озодликдан маҳрум этишни талаб қилган.

Аммо Орхан Инанди судда ўзига қарши қўйилган айбловларга рози бўлмаганини, у фақат таълим соҳаси билан шуғулланганини билдирган.

Инандининг иши бўйича кейинги суд 14-апрелда бўлади.

Инандининг ўғирланиши

Қирғизистондаги «Сапат» таълим муассасаларининг асосчиси Орхан Инанди 2021-йилнинг 31-майида ўғирланган. Қирғизистонда у бир ойдан ортиқ қидирилиб, бошқа давлатлардан ҳам Интерпол орқали изланган.

Бу орада «Сапат» битирувчилари ва тарафдорлари Туркия  элчилигининг олдида митингга чиқишиб, Инанди бу ерда ушлаб турилибди деб шубҳаланиб,  элчиликда тинтув ўтказишни талаб қилишган.

1 -июнда президент Садир Жапаров МХДҚ билан ИИВга Инандини топиш учун қўшимча кучларни сарфлашни топширган. Кейин  Жапаров Туркияга бориб, президент Ражаб  Эрдоғон билан учрашган. Туркия ҳукумати аввалдан Орхан Инандини уларга ўтказиб беришни ва Қирғизистондаги «Сапат» лицейларини ёпишни талаб қилиб келган.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари Орхан Инанди қидирилмоқда деб маълумот берган вақтда  Эрдоғон масалага нуқта қўйиб,  Инанди Туркияда экенини билдирган. Аниқроғи, 5-июлда Туркия раҳбари Инандини Туркияга мамлакатнинг махсус хизмати олиб келганини айтган. Эрдоғон Инандини «ФЕТОнинг Марказий Осиё бўйича бошлиғи» деган.

8-июлда МХДҚнинг бошлиғи Қамчибек Ташиев ФЕТО ҳақида гапириб, Қирғизистонда «бошқа мамлакатларнинг сиёсий ташкилотлари бўлмаслиги лозимлигини» билдирган, аммо шу билан бирга Қирғизистонда ушбу ташкилот аъзолари биронта ҳам ноқонуний ишларга аралашгани кузатилмаганини таъкидлаган.