Шимол-Жануб  муқобил автомобил йўлида уч кишини қор кўчкиси босиб қолди

322
Иллюстратив  сурат

14-феврал куни Шимол-Жануб муқобил йўлининг Жалолобод-Казарман  участкасида уч киши ва йўл тозалаш техникалари  қор кўчкиси остида қолди. Бу ҳақда Транспорт ва йўллар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Вазирлик маълумотларига кўра, автомобил йўлининг  тахминан 332-километрида соат 12:30 атрофида Кўк-Арт довонида қор кўчкиси содир бўлган.

Бедарак йўқолганлар «Чайна Роуд энд Бридж» компанияси ходимлари- икки нафар хитойлик ва бир нафар қирғизистонликдир.  Улар Туннелдан Казарманга  олиб борувчи йўлни тозалашаётган вақтда  қор кўчкиси босиб қолган.

Шунингдек, “НИВА” русумли автомашина, экскаватор ва юк кўтарувчи техника  ҳам кўчки остида қолган.

“Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан жами 20 нафар қутқарувчи жалб қилинган. Айни пайтда қидирув ва кўчкиларни тозалаш ишларига Чайна Роуд компаниясининг 4 та техникаси ва 30 нафар ишчиси жалб этилган”, — дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан.

Жорий йилнинг январ ойида Жалолободнинг Чотқол туманида қор кўчкиси оқибатида «Вертекс Голд» компаниясининг икки ходими ҳалок бўлган эди. Корхона ходимлари қор билан қопланган қор кўчкиси хавфи бўлган ҳудудларни кузатаётган вақтда қор босиб қолган.