Баткен: Чегарадаги вазият сабаб узилган электр симлари қайта тикланди

313

Баткен вилоятидаги Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги можаро вақтида шикастланган барча электр тармоқлари (электр узатиш линиялари) тикланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлигининг матбуот хизмати билдирди.

Унинг таъкидлашича, маҳаллий аҳолининг уйлари электр энергияси билан таъминлаб бўлинди.

27 январга ўтар кечаси «Ошэлектро» МЧЖ Баткен вилоятидаги тўқнашувлар вақтида олти қишлоқ электр таъминотисиз қолгани, чегарадаги кескин вазият туфайли тиклаш ишларини олиб боришнинг имкони бўлмагани ҳақида хабар берди. Қирғизистон Чегара хизмати ўшанда тожик томони Қирғизистон электр тармоқлари ва чегара постлари томонга миномётлардан ўқ отганини маълум қилган эди.

Баткен вилояти энергетиклари. Фото: ИИВ матбуот хизмати.

Баткен вилоятидаги қирғиз-тожик чегарасида низо 27 январь куни кечқурун содир бўлган. Қирғизистон томонида 11 нафар ҳарбий хизматчи яраланган, ҳалок бўлганлар йўқ. Тожикистон томони маҳаллий аҳоли орасида 10 нафар жароҳат олиб, икки киши ҳалок бўлганини маълум қилган.

Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги маълумотларига кўра, Баткен вилоятида чегарадош қишлоқларнинг 24 мингдан ортиқ аҳолиси хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган.

28 январь куни эрталаб чегарада вазият барқарорлашган.