Жалолобод вилоятининг Бозор-қўрғон туманида марҳум диншунос Чубак ҳожи Жалилов хотирасига бағишланган улоқ ташкил қилинди. Унда кўпкаридан фарқ қилиб ҳар бир иштирокчи ўзи учун ўйнади. Бу ҳақда Turmush нашри ёзди.
Нашр ўйинга Қирғизистоннинг ҳар бир туманидан мингдан ортиқ улоқчи келганини билдирди. Совринга умра сафарига йўлланма, 10 арғумоқ, беш туя, бўз уй ва пул мукофотлари қўйилган.
Видео: АКИ TV. Чубак ҳожи Жалиловни хотирлаш кунидаги улоқ
Жалилов ким?
Чубак ҳожи Жалилов 2010-2012-йиллари Қирғизистон муфтийи, 2020-йилгача уламолар кенгаши аъзоси бўлган.
Жалилов Қирғизистондаги таниқли диний арбоблардан бири. Унинг ютубдаги «Насаат медиа» каналида 600 мингдан ортиқ обуначиси бор. Унинг фейсбукдаги саҳифасига 58 мингга яқин киши ёзилган.
Жалилов Қуръон оятларини ва ҳадисларни таҳлил қилиб, оддий тил билан баён қиларди. Унинг фатво рухсати бор эди. Унга мусулмонлар шароитдан ташқари кундалик турмушдаги муаммолари билан ҳам мурожаат қилишарди. Унинг мажлислари, йиғилишлари минглаган аудиторияни йиғган.
Чубак ҳожи Жалилов 2020-йилнинг 11-июлига ўтар кечаси коронавирус пневмониясидан вафот этган. Собиқ муфтий билан видолашиш маросимига санитар чекловларга қарамай мингдан ортиқ одам борган.
2021-йилнинг июль ойида МХДҚ раиси Камчибек Ташиев туғилган жойи Жалолобод вилоятига қарашли Барпи қишлоғида диншуносга бағишлаб масжид очган.