«Манас» аэропорти: Қозоғистонга рейслар қайта тикланди

«Манас» аэропортининг матбуот хизмати Қирғизистон билан Қозоғистон ўртасидаги авиарейслар қайта тикланганини билдирди.

Маълумотда «Эйр Астана» авиакомпанияси 2022-йилнинг 12-январидан бошлаб Нур-Султан — Бишкек — Нур-Султан йўналиши бўйича, 14-январдан бошлаб Олмаота — Бишкек — Олмаота рейслари қўйилганини таъкидлади.

Қозоғистоннинг "Эйр-Астана" авиакомпаниясининг самолёти. Сурат: Қирғизистон Транспорт вазирлиги.

Шунингдек, Қозоғистонга кириш қоидалари ўзгартирилди. 15-январдан бошлаб Қозоғистон ҳудудига кирган барча йўловчиларда COVID-19га салбий натижали ПЧР-тестнинг охирги 72 соатдаги натижаси бўлиши керак.

Маълумотномани 5 ёшгача бўлган болалардан бошқа барча йўловчилар кўрсатиши шарт.

Қирғизистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳаво алоқалари 5-январда қўшни ўлкадаги оммавий тартибсизликлар туфайли тўхтатилган. Қозоғистон ҳукумати Олмаота аэропортини намойишчилар босиб олганини маълум қилган.

«РИА Новости» маълумот агентлиги Қувайтнинг Jazeera Airways лоукостери Олмаота аэропортига бўлган рейсларни вақтинча тўхтатганини билдирган. Бундан ташқари, белоруслик «Белавия» ҳам Олмаотага рейсларни тўхтатган.

Норозиликлар сабаб Қозоғистон чегарасини ёпиб, самолётларни қабул қилмаган.

Қозоғистондаги норозиликлар 2-январда ўлканинг ғарбидаги Янги-Ўзўн шаҳридан бошланган. У ерда турғунлар газ қимматлаганидан норози бўлиб, тинчлик акциясига чиқишган.

Бир неча кундан кейин митингга бошқа шаҳар турғунлари ҳам чиқиб, иқтисодий талаблар сиёсий талабга айланган. Норозилар амалдаги ҳукуматни истеъфосини ва биринчи президенти Нурсултан Назарбаевнинг дахлсизлигини бекор қилишни талаб қилишган.

Натижада 5-январга ўтар кечаси Қозоғистон ҳукумати истеъфога кетган. Бироқ норозиликлар тўхтамай, айрим шаҳарларда хавфсизлик кучлари билан қуролли тўқнашувлар бўлган.

Энг оғир аҳвол Олмаотада бўлган, тўқнашувлар талончиликка олиб келган.

11-январда Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев ўлканинг барча ҳудудида вазият барқарор эканини билдирган.

Икки кун ўтгандан кейин Қозоғистоннинг фуқаровий авиация қўмитаси 13-январдан бошлаб Олмаота халқаро аэропорти иш бошлаганини маълум қилган.