Токаев Қозоғистондаги воқеаларни «давлат тўнтариши қилиш ҳаракати» деб атади

305

Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев 10-январда ЖХКТнинг онлайн-йиғинида нутқ сўзлаб, ўлкадаги воқеаларни Қозоғистон тарихидаги «энг оғир инқироз» деб атади.

«Шу йил бошидан бери давом этаётган барча воқеалар бир занжирнинг ҳалқалари, улар ягона қулатиш режасига бўйсунган ва унга тайёргарлик кўпдан бери бўлган. Бу тайёргарлик қанча вақт давом этганини тергов кўрсатади, бир йил, икки йил ёки уч йил», — деди Токаев.

Токаевнинг айтишича, деструктив кучлар бунгача «ўлкадаги барқарорликка хавф солиб, тартибсизликлар уюштиришга ҳаракат қилишган, бироқ бу ҳаракатлар босилган». Бироқ у тартибсизликни уюштирганлар ўз режаларидан бош тортмай «қуролли тайёргарликка ўтишганини» қўшимча қилди. Қозоғистон бошчиси улар баҳона қатори бир қанча ҳудудларда суюлтирилган газнинг нархига бўлган халқ норозилигидан фойдаланишганини айтди.

«Митинглар ўтди, унинг иштирокчилари ўз талабларини қўйишди ва бу талаблар тўлиқ бажарилди. Газнинг нархи музлатилди ва ҳукумат истеъфога кетди. Бироқ Қозоғистонга қарши агрессияни уюштирувчилари учун бунинг аҳамияти йўқ эди. Норозилик акциялари давомида тартибсизликлар пайдо бўлди. Диний радикаллар, бандитлар, талончилар бир жамоа билан пайдо бўлди», — деб билдирди Токаев.

Унинг айтишича, «жангарилар»нинг асосий мақсади «конституциявий тизимни бузиб, ҳукуматни босиб олиш» бўлган. Токаев воқеаларни «давлат тўнтарилишига ҳаракат» деб атади.

«Барча ҳаракат ягона пойтахтдан координацияланган. Бунга вилоят ҳокимиятларини, ҳуқуқ органлари, ТИЗО ва телеканал биноларига бир вақтда бўлган ҳужум далил бўла олади», — деб билдирди Токаев.

Бундан ташқари, Токаевнинг айтишича, Олмаотадаги президент резиденцияси ёнида «жангарилар» йиғилган. Токаев буни Қозоғистонга қарши бошланган «террористик уруш» деб ҳисоблайди.

«Қозоғистоннинг куч тизимлари ҳужум қилганларни қисқа муддатда бостира олди. Бироқ бу оғир йўқотишлар билан бўлди», — деб билдирди Токаев.

Унинг айтишича, куч тизимларининг 16 ходими ҳалок бўлиб, 1300дан ортиғи яраланган.

«Йўқотишлар бор ва уларнинг орасида оддий турғунлар ҳам бор. Уларнинг аниқ сони ҳозир аниқланмоқда», – деб қўшимча қилди Токаев.

Шунингдек, президентнинг маълумоти бўйича Қозоғистонда 1 270 хўжалик субъекти жабрланиб, 100дан ортиқ савдо марказлари ва банклар тўналган, 500дан ортиқ полиция машинаси ёқилган. Токаев «жангарилар» тун бўйича моргларга ҳужум қилиб шерикларининг жасадларини олиб кетишганини билдирди.

Ўз сўзида Токаев ҳукумат «тинч намойишчиларга қарши курашмоқда» деган маълумотни инкор қилди.

«Бу ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумот, биз намойишчиларга қарши ҳеч қачон қуролли куч қўлланган эмасмиз ва қўлланмаймиз. Буни билган ҳужум уюштирувчилари агрессиянинг бир қанча тўлқинини уюштиришган», — деди Қозоғистон давлат раҳбари.

Шунингдек у Қозоғистонга қарши террор агрессиясини тайёрлаш ва ўтказиш бўйича дунё ҳамжамиятига қўшимча далилларни беришга ваъда берди.