«Оқсоқолга ёрдам бераётганда отиб кетишган». Олмаотада ҳалок бўлган қирғиз фуқаросининг ўлим тафсилоти

377
Азиз Мусаев

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги тартибсизликлар вақтида ҳалок бўлган қирғиз фуқароси фитнес-тренер Азиз Мусаев экани маълум бўлди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари билдиришди.

Маълумотга кўра, Мусаев оиласи билан Олмаотанинг марказий майдони яқинида яшаган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари марҳумнинг аёлига таяниб, «Мусаев 6-январь куни соат 22:30 атрофида уйининг ёнида яраланган оқсоқолга ёрдам бераётганда уни отиб кетишганини» билдиришди.

Уларнинг ёнидан ўтиб кетаётган яна бир киши яралангани айтилди.

Мусаев Олмаота шаҳридаги Luxor фитнес клубида мураббий бўлиб ишлаган. Унинг сурати билан у ҳақдаги маълумот клуб сайтининг бош саҳифасига жойлаштирилган.

У клубда мастер-тренер, инструктор, пауэрлифтингдан спорт устаси бўлган. шунингдек пляж бодибилдинги бўйича Олмаота шаҳрининг кумуш медали соҳиби.

10-январда Қирғизистоннинг Қозоғистондаги элчиси Дастан Дуйшекеев Олмаота шаҳридаги тартибсизликлар вақтида бир қирғизистонлик ҳалок бўлганини билдирган.

Унинг айтишича, элчилик ходимлари унинг шахсини аниқлаш ва жасадини олиб келиш бўйича ишларни олиб бормоқда.

Дуйшекеев Қозоғистон куч тизимлари охирги воқеаларда Қирғизистоннинг қанча фуқароси қўлга олингани ҳақида расмий маълумот бермаганини таъкидлаган.

ТИВ кеча Қозоғистоннинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан Қирғизистонинг 5 фуқароси қўлга олингани ҳақида «маълумот бор» деб билдирган.

Шунингдек, вазирлик Қозоғистонда вақтинча юрган 14 қирғиз фуқароси қўшни ўлкадаги вазият сабаб Қирғизистонга эвакуацияланганини маълум қилишган.

Бундан ташқари, ТИВдан ҚОзоғистондаги авиа рейслар тўхтатилгани сабаб яна 15 қирғиз фуқаросини темир йўл орқали олиб келиш ишлари бораётганини таъкидлашган.