АҚШ Қозоғистондан давлат ҳукумати нима учун Жамоат хавфсизлик шартномаси ташкилотига (ЖХШТ) кирган давлатлардан тинчлик ўрнатувчи кучларни юборишни сўраганини тушунтириб беришни сўради. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 9-январда CNN телеканали эфирида билдирди.
«Бизда улар [Қозоғистон] нима учун Россия бош бўлган бу ташкилотга мурожаат қилишга мажбур бўлди деган реал саволларимиз бор. Бу масала бўйича тушунтириш беришини ўтинамиз. Бироқ энг муҳими — ҳозир бари тинчлик йўли билан ва намойишчиларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш билан ҳал қилиниши керак», — деди у.
Бу ҳақда Блинкен НАТОнинг мудофаа вазирлигининг 7-январдаги онлайн йиғинида ҳам айтган. Унда у Қозоғистоннинг тинч митингчилари ҳуқуқларини бузмасдан тартибни ўзи сақлашга имкони бор деган эди.
«Уларга нима учун сиртдан ёрдам керак бўлгани тушунарсиз, биз бу ҳақда батафсил билишга ҳаракат қиляпмиз […] Яқин тарих бизга сабоқ бўлди — агар уйингизда руслар бор бўлса, баъзан уларни чиқариш қийин бўлиб қолар экан», — деб таъкидлади у.
Европа иттифоқининг ташқи сиёсат хизмати бошчиси Жозеп Боррель 8-январда Европа иттифоқи Қозоғистонга жанжални бартараф қилишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирган. У Россияни ва ЖХШТга аъзо бошқа давлатларни Қозоғистон мустақиллигини сийлашга чақирган.
«Ташқи ҳарбий ёрдам Қозоғистон мустақиллиги билан эркинлигини ҳамда барча фуқароларнинг асосий ҳуқуқларини сийлаши керак», — деб таъкидлаган у.