Парламент қирғиз ҳарбийларини Қозоғистонга жўнатиш масаласини кўришни ёпиқ эшик ортида давом эттирди

366

7-январда КХШТни Қозоғистонга тинчликпарвар кучларни юбориш қарорини муҳокама қилиш учун йиғилган Жогорку Кенеш депутатлари масалани ёпиқ муҳокама қилишга ўтди. Йиғинни ёпиқ эшик ортида давом эттиришни МХДҚ раиси Камчибек Ташиев таклиф қилди.

«Регламентнинг 36-моддаси 1-пункти асосида халқаро шартномалар, ҳарбий аҳамиятга эга масалалар ёпиқ эшик ортида қаралади, ҳал қилиб беринглар», — деб мурожаат қилди Ташиев депутатларга.

Таклифни вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров ва депутатлар ҳам қўллади.

Бунгача тезкор йиғин бир соатдан ортиқ очиқ ўтган эди. Унда қирғиз ҳарбийларини Қозоғистонга юборишга қарши фикр билдирган депутатлар савол беришди.

Депутат Дастан Бекешев Қозоғистон сиртдан ҳужум қилиш хавфи бўлмаганини таъкидлаб, Қирғизистондаги воқеаларни мисол келтирди.

«Фараз қилинг, 2020-йили октябрда Сооронбай Жээнбеков ўлканинг ички сиёсий процессларини ҳал қилиш учун ЖХШТдан ёрдам сўраб, рақибларини ҳаммасини террористлар деб атаганини. Бундай хавф бўлиши мумкин эди-да, афсуски», — деб билдирди у.

«Албатта, бунинг ҳаммаси сиёсий ҳолатга боғлиқ», — деб жавоб берди Ташиев.

Шунингдек, Ташиев Қирғизистон КХШТнинг аъзоси ва Қозоғистонга қўшни давлат сифатида «ҳарбий юборишга мажбур эканини» бир неча марта такрорлади.

Депутат Алтинбек Сулайманов Қозоғистон ичида тартибсизлик кўтарганлар «террорист экани исботландими, унда улар қайси ташкилотдан ёки бутун Қозоғистонда кўтарилганларнинг ҳаммаси террористми» деган савол берди.

Унга Камчибек Ташиев «биз қозоқ халқини ҳеч қачон террорист деб ҳисоблаган эмасмиз» деб жавоб берди.

«Уларнинг орасида деструктив кучлар борлиги аниқ. Шу сабаб кўплаган давлат муассасалари ёнди, ҳозир маълумот келмоқда ўнлаган ҳуқуқни ҳимоя қилиш органи ходимлари ҳалок бўлди. Бунинг бари террорчилик акти ҳисобланади», — дейди Ташиев.

Қозоғистондаги митинг ва КХШТ

Жогорку Кенеш Қозоғистондаги вазият бўйича 6-январда тезкор йиғинга тўпланиши керак эди. Унда парламент КХШТни Қозоғистонга «тинчликпарвар кучларини» юбориш қарорини муҳокама қилиб, Қирғизистон ҳарбийларини юбориш ёки юбормасликни ҳал қилиши керак эди.

Бироқ бир соат ичида рўйхатдан фақатгина 39 депутат ўтиб, кворум йиғилмаган. Жогорку Кенеш раиси Талант Мамитов буни қишки таътил сабаб депутатлар ҳудудларда юргани билан тушунтирди.

Ўлкада норозилик намойишлари тўхтамагани сабаб 6-январга ўтар кечаси Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига мурожаат қилиб, «террор хавфини енгишга» ёрдам сўраган. У мазкур мурожаатни ўлкада интернет пайдо бўлгандан кейин қилган — ҳукумат 5-январда интернетни деярлик 7 соатга яқин ўчиргани ва бу вақт оралиғида ўлкада нима бўлгани номаълум бўлган.

Тўқаев суюлтирилган газнинг нархини тушуришни ва Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултан Назарбаевнинг даҳлсизлигини бекор қилишни талаб қилганларни «террорчилар» деб атаган. Шунингдек, Тўқаев митингчиларга «қатъий чора кўришини» билдирган.

6-январдан бошлаб қозоқ ҳукумати митинг уюштирувчиларини «ликвидациялаш» деб аталган «тозалаш» ишларини бошлаган. Олмаота полицияси ўнлаган одамлар ҳалок бўлганини билдириб, буни «антитеррор операция» деб атаган.

Бироқ қозоқ ҳукумати ҳалок бўлган намойишчиларнинг аниқ сонини айтмаган. Ҳукумат фақат қурбон бўлган полиция ходимларининг аниқ сонини айтмоқда — ҳозирда 18 ҳуқуқ ҳимоячиси кўз юмгани маълум.

КХШТнинг «тинчлик ўрнатиш кучларни юбориш» кампаниясига ҳозирча уч давлат розилик берди — Арманистон (70 ҳарбий), Тожикистон (200 ҳарбий), Россия (3000 ҳарбий).