Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги саккиз нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди

475

Қозоғистондаги митинг вақтида саккиз нафар ҳуқуқ-тарибот вафот этди. Шунингдек, 317 нафардан ортиқ полиция ходими ва Миллий гвардия аскари яраланган. Бу ҳақда Vlast.kz нашри Қозоғистон Ички ишлар вазирлигиги таяниб ёзди.

«Ғазабланган оломон қўлидан қонун-тартибот ва аҳоли соғлиғини таъминловчи юзлаб инсонлар – ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, шифокорлар, шунингдек, оддий аҳоли жабр кўрди. 317 нафар полиция ва Миллий гвардия ходимлари жароҳатланган. 8 нафар фуқаро ҳалок бўлган», — деб ёзилади, ИИВ маълумотида.

Қозоғистон ҳукумати митинг вақтида мамлакат бўйича қанча фуқаро жабрлангани ёки ҳалок бўлгани бўйича аниқ маълумот тарқатмаган. Шу билан бирга, Олмаота коменданти 5-январь куни тушдан кейин шаҳардаги митинглар чоғида 500 нафардан ортиқ фуқаро жароҳатлангани хақида хабар берган.

Ички ишлар вазирлигининг қўшимча қилишича, «провокаторлар томонидан уюштирилган ва безори унсурлар томонидан қўллаб-қувватланган тартибсизликлар, бузғунчилик ва талончилик бутун мамлакат бўйлаб давом этмоқда».

Шу билан бирга, ИИВ маълумотларига кўра, ички ишлар органлари томонидан «зўравонлик авж олишининг олдини олиш» учун барча зарур чоралар кўрилмоқда, тартибсизликларнинг бир қатор уюштирувчилари ва иштирокчилари «жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилмоқда».

 Қозоғистонда намойишлар

Қозоғистонда 2 январь куни Мангистау вилоятида суюлтирилган газ баҳосининг қимматлашига қарши норозилик намойишлари бошланди.

Кейин, бир неча кун давомида бошқа шаҳарлар аҳолиси ҳам митингларга қўшила бошлади. Намойишчиларнинг асосий қисми 4 январь куни шаҳарларга чиқа бошлади.

Намойишчилар аввалига газ нархини пасайтиришни, кейин эса амалдаги ҳукумат истеъфога чиқишини ҳамда Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевдан дахлсизликни олиб ташлашни талаб қила бошлади. Намойишчилар  «Шал, кет!» («Чол, кет!») шиорлари билан чиқди.

Норозилик намойишчалари ортидан президент Қосим-Жомарт Токаев Қозоғистон ҳукуматини истеъфога чиқарди. Шунингдек, президент мамлакат ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий қилди.

Намойишчилар ва хавфсизлик ходимлари ўртасидаги асосий тўқнашув Олмаотада бўлиб ўтди. 5 январь куни тушдан кейин намойишчилар Олмаотада шаҳар маъмурияти биносини эгаллаб олди. Оммавий ахборот воситалари, шунингдек, намойишчилар президент Қосим-Жомарт Токаевнинг Олмаота шаҳрида жойлашган давлат қароргоҳига етиб борганини хабар қилди. Натижада ёнғин содир бўлган. Бундан ташқари, намойишчилар Олмаота аэропортини эгаллаб олган, бироқ 6-январга ўтар кечаси расмийлар аэропорт қайта бўшатилганини маълум қилган. Тадбиркорларнинг хабар беришича, шаҳардаги энг йирик савдо марказлари талон-тарож қилинган.