Москвада мигрантлар муштлашиб, уч киши жабрланди

388

Москвада 1-январга ўтар кечаси муҳожирлар муштлашиб кетиб, уларнинг орасида қирғизистонликлар борлиги маълум бўлди.

«Интерфакс» нашри ўз манбаларига таяниб, можаро Ўзбекистоннинг уч фуқароси ва ўн қирғизистонлик орасида бўлганини билдирди. Муштлашувнинг сабаби ўзаро низо бўлгани айтилди.

«Жанжал натижасида уч одам пичоқланиб, оғир жароҳатланган. Ўзбекистоннинг икки фуқароси ва Қирғизистоннинг бир фуқароси жабрланган», — деган нашрнинг суҳбатдоши.

«Известия» онлайн нашри Россия ИИВнинг Москва шаҳри бўйича бошқармасини пресс-релизига таяниб, полиция 10 кишини қўлга олганини билдирди. Нашр қўлга олинганлар устидан чет эл фуқаросини Россияга кириш қоидаларини ёки ўлкада юриш режимини бузгани бўйича протоколлар тузилганини маълум қилган. Шунингдек, соғлиққа қасддан зарар келтириш бўйича жиноий иш қўзғалган.

Қирғизистоннинг Россиядаги элчилигининг матбуот хизмати 15 Қирғизистон фуқароси милицияга етказилиб, бир қирғизистонликка тиббий ёрдам кўрсатилганини билдирди.

Дипломатик вакиллик ходимлари воқеани батафсил билиш ва юридик ёрдам кўрсатиш учун полиция бўлимига боришган.

Қўлга олинганлар Россиядан мажбуран чиқарилиб, уларга беш мингдан етти минггача жарима солиниши мумкин.